Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Иқтисод 10/04/2025 Ўзбекистон ва Ветнам қатор янги лойиҳаларни бошламоқда

Ўзбекистон ва Ветнам қатор янги лойиҳаларни бошламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда Ветнам Социалистик Республикаси Миллий Ассамблеяси Раиси Тран Тхан Маннинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Ветнам давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ветнам Бош вазирининг ўринбосари Тран Хонг Ха, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, Petrovietnam, Vinachem, Sovico, Vietnam Airlines, Vinafood, Delse, Vietra ва бошқа Ветнамнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

Кун тартибида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни, жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё саноати, геология, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, туризм ва фармацевтика каби соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жамшид Ходжаев ўз нутқида Ўзбекистон-Ветнам муносабатлари тобора кенгайиб бораётганини қайд этиб, саноат соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, технологик алмашинув ва логистика алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишга барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ветнам томони қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, янги авиақатновларни йўлга қўйиш ва Ветнамда Ўзбекистон савдо уйларини очишга тайёрлигини билдирди.

Ветнамнинг Petrovietnam, Sovico ва Delion, компаниялари раҳбарлари энергетика, авиация, рақамли трансформация, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Ўз навбатида, Ветнам Социалистик Республикаси Миллий Ассамблеяси Раиси Тран Тхан Ман самимий қабул учун Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига миннатдорлик билдириб, бугунги мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев билан учрашувнинг мантиқий давоми бўлганини алоҳида таъкидлади. Давлат раҳбари билан учрашувда стратегик шерикликни кенгайтириш, савдо ва сармоявий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича келишувларга эришилганлигини ҳам мамнуният билан айтиб ўтди.

Давра суҳбати якунлари бўйича икки мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон ва Ветнам ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда 2025–2026 йилларда Ўзбекистон ва Ветнам ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тадбирлар режаси имзоланди.

Ушбу ҳужжатларда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиш, савдо масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, бизнес-форумлар ташкил этиш, савдо уйларини очиш, роуд-шоу ўтказиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича аниқ чоралар ўз аксини топди.

Ҳужжатларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, нефть-газ, кимё саноати, фармацевтика, геология-қидирув соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш чоралари белгиланди.

Давра суҳбати икки мамлакат иқтисодий салоҳиятини очишга қаратилган кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишда ҳар икки томон собитлигини яна бир бор тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг