Ўзбекистон ва Венгрия АЭС қурилиши лойиҳаси доирасида баённома имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Венгрия делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида «Ўзатом» агентлиги, Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳамда MVM EGI Zrt. компанияси ўртасида АЭС қурилиши лойиҳасида ҳамкорликнинг қатор муҳим йўналишлари бўйича эришилган келишувларни қайд этувчи баённома имзоланди.
Ҳужжат, жумладан, механик тортиш кучига асосланган қуруқ совутиш тизимларини қўллаш, ускуналарни етказиб бериш бўйича техник-тижорат таклифларини тайёрлаш, Ўзбекистон ҳудудида қуруқ совитиш тизимларини йирик узелли йиғишни ташкил этиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ишларини бошлаш, шунингдек, Венгрия томонидан таълим дастурлари ва стажировкаларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
Баённоманинг имзоланиши минтақавий даражада атом энергетикаси соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.