Валюта курслари 05/08/2025
$1 – 12621.29
UZS – -0.82%
€1 – 14596.52
UZS – 0.61%
₽1 – 158.44
UZS – -0.13%
Қидириш
Иқтисод 04/08/2025 Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 5 миллиард долларга етказилади

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 5 миллиард долларга етказилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия савдо вазири Ўмер Болат билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар 2024 йил якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 3 миллиард АҚШ долларига етганини таъкидлаш баробарида, келгуси 2 йил ичида ушбу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш бўйича барча чора-тадбирларни ишга солиш зарурлигини таъкидладилар.

"Белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун янги захира ва имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон ва Туркия ташқи савдодаги товар номенклатураси ўзаро ўхшаш ҳамда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар хорижда бирдек рақобатбардош. Туркия Покистон, Озарбайжон ва Эрон билан бир қаторда Ўзбекистон билан ҳам Имтиёзли савдо битими имзолаган. Мазкур ҳужжат имкониятларидан фойдаланиш орқали белгиланган режаларга эришамиз",- деди Туркия савдо вазири Ўмер Болат.

Учрашувда, шунингдек, маҳаллий экспортчи корхоналар дуч келаётган тўсиқлар, жумладан электротехника, тўқимачилик, кабель-ўтказгич маҳсулотларига нисбатан жорий этилган қўшимча импорт божларини пасайтириш ҳамда айрим турдаги мева-сабзавот импортига ўрнатилган чекловларни бекор қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида, Туркиянинг инспекция, сертификатлаш, синов ва назорат хизматларини кўрсатувчи лабораториялар фаолиятини Ўзбекистонда ташкил этишга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг