Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан телефон орқали музокара ўтказди.
Саидовнинг сўзларига кўра, тожикистонлик ҳамкасби билан суҳбат самарали бўлган.
"Бизнинг ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлаш ва стратегик ҳамкорликка асосланган дўстона ва қўшничилик алоқаларимиз жадал ривожланишда давом этмоқда", — деди вазир ўзининг Телеграм-каналида.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўтган йили Душанбега амалга оширилган давлат ташрифи давомида асосий масалалар бўйича муҳим келишувларга эришилганини таъкидлади. Хусусан, имзоланган иттифоқчилик тўғрисидаги битим икки томонлама муносабатларнинг янги даврини бошлаб берди.
"Биз ишонамизки, қўшма саъй-ҳаракатлар 2025 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ва биродар халқларимиз учун янги ютуқларни таъминлашга хизмат қилади", — деди Саидов.