Ўзбекистон ва Татаристон меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 14 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация Волгабўйи федерал округига амалий ташриф доирасида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида меҳнат миграцияси, Татаристон ҳудудида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иқтисодий, таълим ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Татаристон Раиси республикада ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг минтақа иқтисодиёти ривожига қўшаётган ҳиссаси юксак қадрланишини таъкидлаб, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон томони Татаристон раҳбариятининг миграция масалаларига қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон хавфсиз, тартибга солинадиган ва қонуний меҳнат миграциясини ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар:
• мигрантларни қўллаб-қувватлаш механизмларини, шу жумладан ахборот марказлари ва маслаҳат майдончаларини ривожлантириш;
• меҳнат мигрантлари учун малакаларни тан олиш ва касбий таълимни кенгайтириш;
• иқтисодиёт, инвестиция ва логистика соҳаларида ҳамкорлик;
• гуманитар алоқаларни, шу жумладан маданий тадбирлар, академик алмашинувлар ва ёшлар дастурларини мустаҳкамлаш.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Татаристон ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, биродарлик алоқалари ва қўшма бизнес платформаларини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳолда мунтазам мулоқотни давом эттириш ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Хусусан, томонлар ноқонуний миграцияга қарши курашиш механизмларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Татаристон Республикасида меҳнат фаолиятини ташкилий равишда жалб қилиш ҳажмини оширишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга ҳамда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Татаристон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили С. Х. Сабурскаянинг Ўзбекистон фуқароларига тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Бош консуллик веб-сайтида алоқа рақамларини жойлаштиришга розилиги олинди.