Ўзбекистон ва Россия етакчилари телефон орқали мулоқот қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Халқаро ва икки томонлама кун тартибининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Россия Президенти давлатимиз раҳбарига 15 август куни Анкориж шаҳрида ўтган Россия-АҚШ саммитининг асосий натижалари тўғрисида маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаб, Украина атрофидаги вазият тез фурсатда тартибга солинишига умид билдирди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги суръатини сақлаб қолиш ҳамда Ўзбекистон ва Россия корхоналарининг устувор кооперация лойиҳаларини жадаллаштиришга қаратилган мувофиқлаштирилган чоралар кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
#Шавкат Мирзиёев