Ўзбекистон ва Россия авиақатновлар сонини ошириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича келишувга эришди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 2024-2026 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракатлар режаси ҳамда икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан ҳукуматлараро комиссиянинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Қуйи Қўмитанинг 6-йиғилиши баёнига мувофиқ жорий йил 21-22 июль кунлари Москва шаҳрида икки мамлакат авиация ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатновларини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди.
Мазкур тадбирда икки давлат Транспорт вазирликлари делегациялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси вакиллари иштирок этди. Музокаралар чоғида бугунги кунда амалдаги авиақатновлар сонини ошириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтириш ва томонларнинг авиакомпанияларига тегишли ҳуқуқларни бериш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасига кўра қуйидаги келишувларга эришилди:
Хусусан, ҳар бир мамлакат тайинланган авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига
- Тошкент – Москва йўналишида 50 тадан (жами 100 та);
- Самарқанд – Москва йўналишида 23 тадан (жами 46 та);
- Бухоро – Москва, Урганч – Москва, Фарғона – Москва, Наманган –Москва йўналишларида 14 тадан (жами 112 та);
- Тошкент – Санкт-Петербург, Тошкент – Красноярск, Тошкент – Сочи йўналишларида 14 тадан (жами 42 та);
- Термиз – Москва йўналишида 10 тадан (жами 20 та);
- бошқа барча шаҳарлар йўналишларида 7 тадан, яъни Россия авиаташувчилари учун уларнинг 80 та халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига жами 560 та, Ўзбекистон авиаташувчилари учун Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларидан юқорида қайд этилганидан ташқари Россиянинг энг йирик 29 та халқаро аэропортларига жами 203 та авиақатновни амалга ошириш ҳуқуқини бериш;
- шунингдек, авиақатновларни амалга ошириш чоғида 3 та парвоз манзилини ўзида бирлаштирувчи “учбурчак” шаклдаги қатновларни амалга ошириш доирасида авиакомпаниялар сони бўйича чекловларни бекор қилиб, ҳар бир компанияга 5 тагача шаҳарни танлаш ҳуқуқини бериш.
Мазкур келишув доирасида ҳар икки мамлакат авиакомпаниялари барча парвоз шаҳарларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳафтасига 1000 дан ортиқ қатновни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди, айни вақтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига жами 310 дан ортиқ мунтазам авиақатнов бажарилмоқда.
Эришилган келишув йўловчи ва юк ташиш ҳажмини ошириш билан бирга, икки давлат ўртасида туристларнинг эркин ҳаракатланиши учун барча имкониятларни яратган ҳолда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилади.