Валюта курслари 23/01/2025
$1 – 12990.00
UZS – 0.04%
€1 – 13570.65
UZS – 0.95%
₽1 – 131.86
UZS – 1.51%
Қидириш
Ўзбекистон 23/01/2025 Ўзбекистон ва Россия 2026–2030 йилларда ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастурини имзоладилар

Ўзбекистон ва Россия 2026–2030 йилларда ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастурини имзоладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Чоршанба куни Тошкентда Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришни белгилаб берадиган муҳим ҳужжатлар имзоланди: икки давлат мудофаа вазирликларининг 2025 йилдаги ҳамкорлик режаси ва 2026–2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури.

Ҳужжатларга Россия ва Ўзбекистон мудофаа вазирликлари раҳбарлари Андрей Белоусов ва Шухрат Халмухамедов имзо чекдилар.

2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси икки давлат мудофаа вазирликлари фаолиятининг барча муҳим йўналишларини қамраб олувчи 50 та қўшма тадбирни амалга оширишни кўзда тутади.

Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Россия мудофаа вазири таъкидлашича, «Россия ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлар ва вақт билан синовдан ўтган дўстлардир». Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушуниш даражаси юқори бўлиб, ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

«Ҳозирги халқаро вазият шароитида бу алоҳида аҳамият касб этади. Россия ва Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатларимиз куч ишлатар идоралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Қўшма ишлар Марказий Осиёда хавфсизликнинг муҳим омили бўлиб, бугунги музокараларни биз ушбу йўналишдаги олға силжиш сифатида баҳолаймиз», – дея таъкидлади Андрей Белоусов.

Учрашув аввалида у ўзбек ҳамкасби билан шахсан танишганидан хурсандлигини билдириб, уни Тошкентга таклиф этгани учун миннатдорчилик билдирди ҳамда кўрсатилган меҳмондўстликни алоҳида қайд этди.

«Сизни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири лавозимига тайинланганингиз билан яна бир бор табриклаб, шу масъулиятли миссияда муваффақият тилайман», – дея мурожаат қилди у Шухрат Халмухамедовга.

Андрей Белоусов шунингдек, Россия делегацияси таркибига ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланувчи соҳа ташкилотлари раҳбарлари кирганини маълум қилди.

Россия мудофаа вазири бугунги учрашув икки давлат ўртасида мудофаа соҳасида янги ҳамкорлик босқичининг бошланишига айланишига ишонч билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг