Ўзбекистон ва Reuters Events халқаро майдонда туризмни ривожлантиришга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Лондон шаҳрида “Reuters Events” агентлигининг Ҳамкорликлар бўйича директори Лена Мас билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг туризм ва барқарор ривожланиш ҳамда глобал иқтисодиёт мавзуларига бағишланган йирик халқаро форумлар ва саммитларда фаол иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва халқаро майдонда тақдим этишнинг янги йўллари, хорижий ҳамкорлар ва инвесторлар билан самарали алоқалар ўрнатиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Шунингдек, “Reuters Events” агентлиги томонидан ташкил этилаётган глобал миқёсдаги анжуманларда Ўзбекистоннинг иштироки орқали туризм соҳасидаги ютуқларимизни жаҳон ҳамжамиятига намоён этиш юзасидан фикр алмашилди.