Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 31/08/2024 Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги бир босқичга кўтарилиб бораяпти. Ўтказилаётган олий даражадаги учрашувларда ҳамкорликнинг турли қирраларини қамраб олган муҳим келишувларга эришилмоқда. Ўзбекистон-Қозоғистон Экспертлар кенгашининг ташкил этилишини бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши 2-август куни Остона шаҳрида ўтказилган бўлса, иккинчи йиғилиши 28-август куни видеоконференция шаклида ташкил этилди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга яқинда амалга оширган давлат ташрифи якунларига бағишланди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) директори, и.ф.д. Умид Обидхўжаев йиғилишда қилган чиқиши чоғида икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ ҳажмини янада ошириш имкониятлари катта эканлигини таъкидлади. “Биринчи ўринда икки мамлакатнинг экспорт салоҳиятини инобатга олиш лозим”- деди у. 

МҲТИ экспертлари Аниқланган қиёсий устунлик индекси (RCА) га мувофиқ истиқболли экспорт товарларининг 3 та категориясини белгилади. Қозоғистонга экспорт учун қиёсий устунликка эга товарлар сирасига тўқимачилик маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, ўғитлар, керамика ва тамаки маҳсулотлари кирса, Қоғоғистондан импорт учун юқори қиёсий устунликка эга товарлар рўйхатидан ёнилғи, ғалла, қора металлар, ноорганик кимёвий маҳсулотлар жой олади. 3-категория, яъни учинчи мамлакатга қўшма экспорт учун юқори устунликка эга товарлар рўйхатига эса мис, рух, қўрғошин ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, бошқа металлар ва металлкерамика киради.

Шу тариқа дастлабки таҳлилга асосланган ҳолда вазирликлар, савдо-саноат палаталари, тармоқ ассоциациялари икки мамлакат тадбиркорларини жалб қилиб, ушбу товарларнинг учинчи мамлакатга экспортини ошириш масаласини биргаликда ўрганиб чиқиши мақсадга мувофиқ. Бундай таҳлил хусусий сектор учун ҳам фойдали бўлиб, келгусида унга амалга ошмаган бизнес имкониятларини тўғри йўналтиришда ёрдам беради. 

Ҳозирча эса икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш доирасида қуйидаги йўналишларни таклиф қилиш мумкин: 

1. Мисни чуқур қайта ишлаш бўйича кластерларни ташкил қилиш. Чунки икки мамлакат ҳам миснинг катта захираларига эга. 

2. Кимё тармоғида илмий-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш. Бу йўналишдаги ҳамкорлик икки мамлакатга ҳам минерал ўғитларнинг экспорт салоҳиятини оширишда ёрдам беради. 

3. Қора металларни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш бўйича қўшма корхоналарни ташкил қилиш. Бундай қўшма корхоналарнинг ташкил этилиши икки мамлакатнинг ҳам қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган эҳтиёжини қондириш имконини беради. 

4, Электрон тижоратни ривожлантириш. Бу ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини оширади, ишлаб чиқаришни рағбатлантиради, маҳсулотларни кам харажат эвазига учинчи мамлакат бозорига олиб чиқиш имконини беради. Шунинг учун икки мамлакат ўртасида электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқиш таклиф этилади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг