Валюта курслари 20/08/2025
$1 – 12524.92
UZS – 0.22%
€1 – 14630.36
UZS – 0.22%
₽1 – 155.96
UZS – 0.16%
Қидириш
Технологиялар 19/08/2025 Ўзбекистон ва Қозоғистон атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон ва Қозоғистон атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дўстона асосда амалга оширилмоқда ҳамда икки томонлама алоқалар, ишчи ташрифлар ва соҳага оид тадбирлар орқали ривожланмоқда.

18 август куни «Ўзатом» агентлигида Қозоғистон Республикаси экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Жомарт Алиев бошчилигидаги делегация билан атом соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга бағишланган амалий учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон томонидан «Ўзатом» агентлиги, АЭС қурилиши дирекцияси, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари, «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали, шунингдек, «O‘ZGASHKLITI» МЧЖ ва Uzliti Engineering компаниялари вакиллари иштирок этди.

Қозоғистон делегациясидан Экология ва табиий ресурслар вазирлиги, Атом энергияси агентлиги, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва бошқа қатор давлат тузилмалари раҳбарияти ва мутахассислари қатнашди.

Муҳокама чоғида хавфсизлик, сейсмик барқарорлик, экология масалалари бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга урғу берган ҳолда, атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Томонлар икки мамлакатда АЭС қурилиши учун потенциал майдонларнинг сейсмик хавфсизлиги жиҳатларини кўриб чиқдилар.

“Қозоғистон АЭС қурилиши лойиҳасининг мустаҳкам пойдеворини қўйиб, муҳандислик-қидирув ишларига киришганини кўриш биз учун катта қувонч. Биз бу босқичнинг аҳамиятини яхши тушунамиз, чунки ҳозир ўзимиз ҳам АЭС қурилишини амалга оширмоқдамиз. Бу мамлакатларимиз бир-бирига ўхшаш ривожланиш йўлини босиб ўтаётган ўзига хос даврдир ва шунинг учун бизда кўплаб ўзаро боғлиқлик нуқталари мавжуд. Биз тез-тез учрашиб туришимиз, тажриба алмашишимиз ва биргаликда янги уфқларни очишимиз керак — энергетикадан тортиб тиббиётгача, қишлоқ хўжалиги ва сувни тозалашгача, бу ерда ядровий технологиялар халқларимизга фойда келтириши мумкин”, – деди «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев.

Ўзбекистон томони ядровий ва радиациявий хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳуқуқий воситаларни имплементация қилиш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Қозоғистон томони Ўзбекистон томонидан хавфсизлик соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолади.

Мамлакатлар ўртасида радиациявий хавфсизлик ва маълумотлар алмашинуви соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган радиациявий ва экологик вазиятни мониторинг қилишнинг қўшма тизими масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг авария ҳолатларига тайёргарлигини оширишга имкон берадиган тезкор жавоб механизмларини ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

“Келишимиздан мақсад – бир хил хатоларни қайта такрорламаслик учун сиз дуч келаётган масалаларни муҳокама қилиш. Биз маълум даражада параллель қадамлар билан бораётганимизни тушунамиз. Шунинг учун бу ерда фақат конструктив ёндашув, тажриба алмашиш масаласи бор”, – деди Жомарт Алиев.

Бундан ташқари, делегациялар атом саноати учун мутахассислар тайёрлашда тажриба алмашиш, жумладан, «ММФИ» МТЯУ Тошкент филиали негизида қўшма таълим дастурларини яратиш муҳимлигини муҳокама қилдилар.

Томонлар ходимлар малакасини ошириш, шунингдек, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш учун янги технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Марказий Осиёда энергетика лойиҳаларининг хавфсиз ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга ўзаро интилиши тасдиқланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг