Ўзбекистон ва Покистон чарм ишлаб чиқаришни йўлга қўйди: 1 миллион долларлик шартнома имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Покистон – чарм саноатида дунёга машҳур брендларга маҳсулот етказиб берадиган давлат. Ўзбекистон эса бугунги кунда ушбу тармоқни минтақавий кучга айлантириш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда. Карачи шаҳридаги сўнгги музокаралар эса айнан шу икки салоҳиятли бозорнинг бир нуқтада туташувини англатади.
2025 йил 25–26 июнь кунлари "Ўзчармсаноат" уюшмаси делегацияси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида Покистоннинг Карачи шаҳрига хизмат сафари билан ташриф буюрди. Сафар доирасида мамлакатнинг етакчи чарм-пойабзал ишлаб чиқарувчилари, экспортчилар уюшмалари ва йирик саноат тузилмалари билан учрашувлар ўтказилди.
Покистондаги музокараларнинг энг муҳим натижаларидан бири — “Olga elining maskani ziyo” МЧЖ раҳбари Қаршиев Заҳриддин ва “Mubarak Ali” компанияси раҳбари Мубарак Али Мубак ўртасидаги 1 миллион долларлик ҳамкорлик келишуви бўлди. Унга кўра, томонлар кооперация асосида иш юритиш, Ўзбекистондаги хом ашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича амалий лойиҳани бошлашга келишиб олди.
Бу нафақат иқтисодий келишув, балки икки мамлакат чарм саноати ўртасидаги ишонч рамзидир. Покистон томони — қайта ишлаш тажрибаси ва кенг экспорт тармоғига эга бўлса, Ўзбекистон томони — хомашё, имтиёзлар ва ишчи кучи бўйича афзалликларга эга.
Икки кунлик сафарда Покистон терини қайта ишловчилар уюшмаси, "Shafiq Brothers", "Noor Leather", "The Designer", "Zainab and Co", "A.M.A. Leather Industry" каби етакчи компаниялар билан B2B мулоқотлар бўлиб ўтди. Учрашувлар чоғида Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити, божхона ва солиқ имтиёзлари, экспорт логистика тизими ва кичик саноат зоналари бўйича кенг тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, Покистон тери корхоналари уюшмаси раҳбари Ҳамид Аршад Заҳур Ўзбекистонга бизнес-тур уюштириш, қўй ва эчки терисини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик таклифини билдирди.
Музокаралар доирасида яна бир эътиборга молик воқеа — “Shafiq Brothers” компанияси билан Жиззах вилоятида терини қайта ишлаш ва тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, мазкур лойиҳа аллақачон режалаштирилган бўлиб, бу сафарда аниқ техник деталлари муҳокама қилинди.
Компания ўз маҳсулотларини "Stella Footwear", "Darucci Leather", "MANGO" каби жаҳон брендларига етказиб беради. Бу ҳам Ўзбекистон маҳсулотлари халқаро бозоридаги салоҳиятини юксалтиришда муҳим қадам бўлиши мумкин.
Бу сафар фақат келишувлар билан чекланиб қолмади. Ўзбекистондаги “UzCharmExpo Eurasia-2025” халқаро кўргазмасига Покистоннинг етакчи компаниялари таклиф этилди. Шу орқали икки томонлама ҳамкорлик бунёдкорлик ва экспортга йўналтирилган янги даражага кўтарилиши кутилмоқда.