Ўзбекистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари савдо, транспорт ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жейҳун Байрамов билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Устивор йўналишлар – савдо, транспорт-логистика, энергетика, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари ўртасида олий даражада эришилган барча келишувларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.