Ўзбекистон ва Мўғулистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Мўғулистон Республикасига амалга оширган расмий ташрифи давомида Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Жадамба Энхбаяр билан учрашди.
Самимий руҳда кечган мулоқотда, дастлаб икки давлат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорлик лойиҳаларининг жорий ҳолати муҳокама қилинди. Жумладан, илм-фан, селекция ишлари, кадрлар тайёрлаш ҳамда технологик инновациялар йўналишларида олиб борилаётган изчил изланишлар борасида фикр алмашилди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов суҳбат чоғида чорвачилик ва ўсимликшунослик соҳаларида ҳамкорликда қатор муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бугунги кунга келиб, Мўғулистондан 7 мингдан ортиқ «Баяд» зотли қўйлар олиб келинган бўлиб, улар мамлакатимиз иқлимига муваффақиятли мослашди ва ҳозирда сони 13,5 минг бошдан ошди.
Бундан ташқари, Мўғулистоннинг 20 дан ортиқ чўл ҳудудларига мослашган озуқа ўсимликлари уруғлари ҳам олиб келинган бўлиб, улар айни пайтда Навоий вилоятининг табиий яйловларида синовдан ўтказилмоқда. Бу эса узоқ муддатли селекция ва наслчилик ишларида муҳим қадам ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат – Ўзбекистонда мўғулистонлик мутахассислар учун малака ошириш, илмий-тадқиқот ва академик мобиллик дастурлари жорий этилмоқда. Жумладан, 50 нафар ўзбекистонлик талаба Мўғулистонда, 10 нафар мўғул профессори эса Самарқандда амалиёт ўтайди.
Шунингдек, учрашувда икки томонлама янги йўналишлардаги ҳамкорлик режалари юзасидан ҳам муҳим келишувларга эришилди. Мўғулистоннинг қишлоқ хўжалиги сектори — айниқса, суғориладиган ерлар майдонининг атиги 1% (100 минг гектар) ни ташкил этиши — бу борадаги имкониятларнинг деярли фойдаланилмаётганини кўрсатди.
Шу боис, Ўзбекистон томони ўзининг илғор тажрибасини бу соҳаларда ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди. Айнан шундай ёндашув доирасида Мўғулистон билан сабзавот, полиз, картошка, ғалла маҳсулотларини иқлимлаштириш, етиштириш ва селекция қилиш бўйича келишувга эришилди.
Илк босқичда 15 та экин навидан иборат намуналар синов тариқасида юборилади. Синов натижалари муваффақиятли чиқса, экспорт ҳажмини 200 минг долларгача етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон–Мўғулистон Дўстлик боғи”ни барпо этиш доирасида 5 гектарлик ҳудуд учун 10 минг дона совуққа чидамли мевали ва резавор кўчатлар етказиб берилади.
Суғориш технологиялари бўйича ҳам муҳим келишувларга эришилди: камида 10 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 25 минг долларлик технологик ёрдам кўрсатилади. Лойиҳа доирасида Мўғулистон сув хўжалиги вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюради.
Учрашувда “Яшил макон” дастури ва Мўғулистоннинг 2030 йилгача 1 миллиард дарахт экиш ташаббусини уйғунлаштириш юзасидан ҳам аниқ чоралар белгиланди. Шу билан бирга, 100 минг бош қўй ва эчкини янги логистика йўлаги – Мўғулистон–Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон коридори орқали етказиш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда.
Учрашув якунида томонлар барча устувор йўналишларда қатор истиқболли лойиҳалар ижросини таъминлаш, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва амалий натижаларга эришиш юзасидан келишиб олдилар. Шунингдек, келгуси режалар аниқ чора-тадбирлар асосида белгилаб олинди.