Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Korea Exim Bankнинг Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси Операцион гуруҳи ижрочи директори УМ Сунг-Ёнг билан учрашув ўтказилди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги рақамли технологиялар, стартаплар ва ICT инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида вазир Korea Exim Bankи Ўзбекистоннинг ICT инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни юксалтиришда кўрсатаётган доимий ёрдамига алоҳида эътибор қаратди.
“Корея бизнинг муҳим ҳамкоримиз бўлиб, рақамли технологиялар соҳасидаги тажрибаси ва қўллаб-қувватлаши биз учун катта аҳамиятга эга. Бизнинг мақсадимиз – Ўзбекистонда рақамли хизматларни яхшилаш, ёшларга муносиб иш ўринлари яратиш ва халқаро миқёсда рақобатбардош давлатга айланиш,” – дея таъкидлади вазир Ш. Шерматов.
УМ Sung-Ёнг ўз навбатида, Кореянинг рақамли соҳада яратган муваффақиятли тизимлари ва лойиҳаларини Ўзбекистонга жорий этиш имкониятлари борасида келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, лойиҳалар орқали Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётда юқори даромадли иш ўринлари яратиш мақсадида муҳим аҳамият касб этишини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг рақамли давлат хизматларини модернизация қилиш таклифи берилди.
Учрашув давомида икки томон юртимизда рақамли иқтисодиёт ва ICT инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масалаларни муҳокама қилдилар. Бу лойиҳалар, айниқса, IT таълим, стартап экотизими ва e-говернмент тизимларини такомиллаштиришга қаратилган.
Учрашув якунида вазир Ш. Шерматов корейс ҳамкорларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди ва келажакда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.