Ўзбекистон ва Корея касб-ҳунар таълимини ривожлантириш лойиҳасининг учинчи босқичини бошлайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари А. Муратов Корея Республикасининг Кеимюнг университети президенти Пак Сёнг Ҳо ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси вакиллари билан учрашди.
Унда 2019 йилдан буён Самарқанд вилояти Касбий кўникмалар минтақавий марказида амалга оширилиб келаётган "Ўзбекистоннинг касбий таълим тизимини ривожлантириш" лойиҳасининг 3-босқичини (2025-2027-йй.) бошлаш бўйича уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат асосида KOICAнинг молиявий кўмагида 500 минг АҚШ долларига тенг 22 турдаги пайвандлаш ва ахборот технологиялари йўналиши бўйича асбоб-ускуналар олиб келинади.
Лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичи давомида жами 500 га яқин ишсиз фуқаролар машинасозлик технологияси ҳамда компьютер графикаси ва дизайн касблари бўйича тайёрланган. Ўқув курсларини битирган ва танловдан ўтган 21 нафар марказ битирувчилари бугунги кунда Кеимюнг университетида ўқишларини давом эттирмоқда.