Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Нигматилла Юлдашев Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён билан учрашув ўтказди.
Томонлар икки давлат ваколатли органлари ўртасида ҳуқуқий соҳада шаклланган муносабатларнинг бугунги кундаги ҳолати, жиноятчиликка қарши курашиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг келгусидаги истиқболларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, кибержиноятчиликка, иқтисодий жиноятларга ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашиш, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фаолиятини рақамлаштириши ҳамда сунъий интеллектни жорий этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилди.
Учрашув иштирокчилари бўлиб ўтган мулоқатнинг ҳуқуқий соҳада ўзаро алоқалар мустаҳкамланишига янги туртки бўлишига ишонч билдирдилар.