Ўзбекистон ва Италия университетлари ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 25 апрель куни Самарқанд давлат университетида “Ўзбекистон ва Италия: ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, икки мамлакат элчихоналари ҳамда Ўзбекистон ва Италиянинг етакчи университетлари иштирокида ўтказилди.
Тадбирда 17 та Ўзбекистон ОТМлари ва 7 та Италия университети ректор ва проректорлари иштирок этди. Тадбирнинг очилиш маросимида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қонғиротбой Шарипов, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Пиергабриеле Пападия де Боттини, Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қонғиротбой Шарипов ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани, бу муносабатлар давлатлар раҳбарларининг стратегик ёндашувига асосланганини таъкидлади. Шунингдек, вазир Турин политехника университети ва Пиза университетининг Тошкентдаги филиаллари, Ўзбекистон-Италия муҳандислик мактаби фаолияти каби муваффақиятли лойиҳаларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу таълим муассасалари ёш мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги икки йилда 100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар Италия университетларида стажировка ўтадилар, шу билан бирга, Ўзбекистондаги олийгоҳларда 700 нафардан зиёд талабалар итальян тилини ўрганаётганини маълум қилди. Бугунги кунга келиб, икки мамлакатнинг олий таълим муассасалари 50 дан ортиқ келишувлар асосида самарали ҳамкорлик олиб бормоқда.
Тадбир давомида Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги университетлар ректорлари ҳамда Италиянинг Перуджа, Пиза, Тушиа, Рома Тре, Каʼ Фоскари, Тренто, Инсубриа ва бошқа университетлари раҳбарлари маъруза қилдилар.