Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Иқтисод 26/06/2025 Ўзбекистон ва Италия чарм саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Ўзбекистон ва Италия чарм саноати соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон чарм саноати Европа бозори сари аниқ, амалий ва ишончли қадамлар билан яқинлашмоқда. Айнан шундай босқичлардан бири – Халқ банки, «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва унга аъзо корхоналар вакилларидан иборат делегациянинг Италияга амалга оширган бизнес миссияси бўлди.

Ташриф доирасида чарм, пойабзал ва технологиялар йўналишида фаолият юритувчи Италия саноат уюшмалари билан Милан шаҳрида бир қатор учрашувлар ўтказилди. Ҳар бир учрашувда Ўзбекистон чарм саноати салоҳияти, инвестицион имкониятлари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари тақдим қилинди.

“Италия чарм саноати биз учун нафақат бозор, балки технология ва дизайн марказидир”, — деди «Ўзчармсаноат» уюшмаси Бошқарув кенгаши раиси Шуҳрат Атабаев. У делегацияга раҳбарлик қилиб, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати ҳақида тақдимот ўтказди. Учрашувда мамлакатдаги ишлаб чиқариш салоҳияти, солиқ ва божхона имтиёзлари, халқаро стандартларга мос ишлашга тайёрлик, аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши ва инвесторлар учун қулай муҳит ҳақида сўз юритилди.

Ташрифда “Халқ банки” вакиллари, шунингдек, чарм-пойабзал тармоғида фаолият юритаётган қатор етакчи корхона раҳбарлари ҳам иштирок этди. Жумладан, чарм хомашё ишлаб чиқарувчилари, тайёр маҳсулот экспортчилари ва технологик ҳамкорликка очиқ корхоналар намояндаси сифатида фаол қатнашди.

Делегация UNIC – Италия чарм саноати миллий уюшмаси билан учрашувда чарм хомашёсини (wet blue вa crust) экспорт қилиш, лаборатория синовлари, кузда бўлиб ўтадиган Линеапелле кўргазмасида иштирок ва Италияда қўшма ишлаб чиқариш имкониятлари бўйича аниқ музокаралар ўтказди.

Шунингдек, Ўзчармсаноат уюшмаси чармга эҳтиёж билдираётган Италия компанияларини Ўзбекистон корхоналари билан боғлаш бўйича ҳамкорлик механизмини йўлга қўйишни таклиф этди. Италия томони бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

Assopellettieri – Италия чарм аксессуарлари (сумка, ҳамён, камар) ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, Ассосалзатурифиси эса пойабзал ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмасидир. Бу икки ташкилот билан ўтказилган учрашувларда қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди:

Ўзбекистонда Италия брендлари остида маҳсулот ишлаб чиқариш;

“Made in Uzbekistan” маркаси билан MICAM кўргазмасида иштирок этиш;

Дизайн, маркетология ва технологлар тажрибасини Ўзбекистонга трансфер қилиш;

Европа бозорлари учун талаб этиладиган сертификат ва стандартлар асосида маҳсулот етказиб бериш.

Чарм, пойабзал ва қайта ишлаш саноати учун технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи Италия уюшмаси — ASSOMAC билан замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш линиялари, малака ошириш ва техник маслаҳатлар бўйича музокаралар ўтказилди. Уюшма вакиллари Ўзбекистонга технологик ҳамкорлик бўйича конкрет таклифлар тайёрлашга тайёр эканликларини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг