Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Эшонов куни кеча Индонезия Президенти Субианто Прабовога ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Маросимдан кейин бўлиб ўтган қисқа суҳбатда Президент Прабово Индонезия Ўзбекистон билан дўстлик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган муносабатларни юксак қадрлашини таъкидлади.
Давлат раҳбари, шунингдек, Индонезия ҳукумати Тошкент билан сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Президент Прабово савдо, сармоя, маданият, туризм ва гуманитар алоқалар каби турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида Президент Прабово Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва эзгу тилакларни етказди.
Ишонч ёрлиқларининг топширилиши Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб беради. Ҳар икки давлат ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий қарор қилдилар.