Ўзбекистон ва IMPACT BIO Protein ва биологик парчаланадиган полимерларни ишлаб чиқариш лойиҳасини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Россиянинг биотехнологик тадқиқот ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "IMPACT BIO" компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари Иван Савинсев билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда “Озуқа ва озиқ-овқат мақсадларида оқсил маҳсулотларини ҳамда биологик парчаланадиган полимерларни метанотроф синтез қилиш ва ишлаб чиқариш технологияси”ни жорий этиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа ҳамда бу йўналишда бажарилиши лозим бўлган амалий ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур биотехнологик ишлаб чиқариш мажмуасида тайёрланадиган маҳсулотлар юқори самарадорликка эга озуқа ва озиқ-овқат қўшимчалари бўлиб, улар МДҲ мамлакатлари ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги оқсил маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қоплаш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.
Қаҳрамон Юлдашев ушбу лойиҳа аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, бундай инвестицион ташаббуслар бугунги куннинг долзарб эҳтиёжларига мос келишини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, лойиҳа доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ваколат доирасида зарур кўмак ва ҳамкорлик кўрсатилиши таъминланишини билдирди.
Учрашув якунида лойиҳа бўйича ўрганилиши лозим бўлган масалаларни чуқур таҳлил қилиш, амалий ҳаракатларни босқичма-босқич амалга ошириш ва уларнинг ижросини тизимли назорат қилиш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.