Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Ўзбекистон 26/06/2025 Ўзбекистон ва Германия яшил энергия ва энергия самарадорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Германия яшил энергия ва энергия самарадорлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 июнь куни Германия Федерал Иқтисодиёт ва энергетика вазирлигининг энергетика сиёсати, яшил энергияга ўтиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича йўналиш раҳбари Урс Даниел Энгелс ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Михаэл Виммер, Германиянинг Энергия самарадорлиги бўйича агентлигида Марказий Осиё, Туркия ва Жанубий Кавказ бўйича лойиҳалар директори Елена Метзгер ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Шохзод Исламов, «Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори Темур Малик Нарзиқулов, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институте директори ўринбосари Ҳалиллулҳоҳ Ҳамидов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Учрашувда томонлар яшил иқтисодиётни ривожлантириш, хусусан, яшил энергияга ўтиш, энергия самарадорлигини ошириш ва иқлим нейтраллик тамойилларига асосланган шаҳарларни шакллантириш борасида ўзаро фикр алмашди.

Хусусан, муҳокамалар давомида қуйидаги муҳим йўналишларда ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтилди:

Ўзбекистонда яшил энергия билан таъминлаш инфратузилмасини ривожлантириш;

Замонавий технологияларни жорий этиш ва қулай инфратузилмани шакллантириш орқали энергия самарадорлигини ошириш;

Ижтимоий соҳа объектларида – мактаб, касалхона, болалар боғчалари ва бошқа бино-иншоотларда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш;

Шаҳарларда декарбонизация жараёнларини жадаллаштириш ва иқлим жиҳатдан нейтрал шаҳарлар моделини шакллантиришда ҳамкорлик қилиш.

Ўз навбатида, Германия вакиллари Ўзбекистоннинг яшил ўсиҳни таъминлаш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришдаги ёндашувларини юқори баҳолаб, мамлакатда энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг