Ўзбекистон ва Германия барқарор энергетика соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиевнинг Германия Иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги йўналиш раҳбари Урс Энгелс ҳамда Германия энергетика агентлиги (dena)нинг Марказий Осиё бўйича лойиҳалар директори Элена Метсгер билан учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар энергетика соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва “Иқлим жиҳатидан нейтрал шаҳарлар” ташаббусини муҳокама қилдилар.
Алоҳида эътибор 25 июнь куни Тошкент шаҳрида очилган Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича Германия-Ўзбекистон ўқув маркази фаолиятига қаратилди. Ушбу марказ барқарор энергетика соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш йўлида немис мутахассислари иштирокидаги илк амалий қадам бўлди.
Ўзбекистон томони немис ҳамкорларининг кўрсатаётган қўллаб-қувватлашига миннатдорчилик билдириб, мамлакат иқтисодиётининг «яшил» трансформациясини жадаллаштириш мақсадида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.