Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Орелия Бушез хоним билан учрашди.
Мулоқот давомида томонлар олий ва профессионал таълим, илм-фан ҳамда инновациялар йўналишидаги истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистонда Ўзбек-Француз университети ва Ўзбек-Француз профессионал таълим кампусини ташкил этиш, шунингдек, юртимизда Ўзбекистон-Франция учинчи таълим форумини ўтказиш ташаббуслари кўриб чиқилди.
Вазирнинг биринчи ўринбосари Ш. Далиев Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш бўйича Битимнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил муҳокама ўтказди.
Шунингдек, вазир Қ. Шарипов мамлакатимизда саноат ва технологик тараққиёт йўлида малакали муҳандислар ва техник мутахассислар тайёрлаш муҳим вазифа эканини таъкидлади. У Ўзбек-Француз профессионал таълим кампусини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этиб, бу масалага жиддий ёндашиш зарурлигини билдирди.
Учрашув якунида элчи Орелия Бушез Ўзбекистон техникумлари ва Франция компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, Франция томони ушбу ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда уларни амалга оширишда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.