Бельгияликлар Қиролининг қутловида бундай дейилади: "2017 йилда Бельгия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонлаётганимиз менга катта мамнуният бағишлайди.
Ўтган йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда, икки томонлама муносабатларимизнинг муҳим асоси бўлган дўстона алоқалар ва ўзаро англашув изчил мустаҳкамланмоқда".
Бельгия Бош вазири Шарль Мишель Ўзбекистон раҳбариятини қутлар экан, "Ўзбекистон мустақилликка эришган кунданоқ ўз суверенитетини мустаҳкамлади ҳамда минтақанинг муҳим сиёсий ва иқтисодий салоҳиятга эга давлатига айланди. Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, аммо уни янада диверсификация қилиш борасида катта салоҳият мавжуд".
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригида "ўтган даврда икки давлат ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган эзгу ва амалий муносабатлар ўрнатилган"и мамнуният билан қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлик масалалари – сиёсий-дипломатик ва маданий-гуманитар соҳалар, савдо, инвестициялар ва юқори технологияларга доир аниқ дастур ва лойиҳалар бўйича самарали ва ўзаро фойдали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор" эканини таъкидлаган.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилишига, ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ишонч тамойиллари асосида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.