Ўзбекистон ва Афғонистон савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Афғонистон саноат ва савдо вазирлигининг вақтинча вазифасини бажарувчи Алҳаж Нуриддин Азизий Ўзбекистон делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегация таркибида давлат амалдорлари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги мажбуриятларни мувофиқлаштириш, савдони ривожлантириш ва Ўзбекистон хусусий сектори дастурларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси вазирни Афғонистоннинг Тоғ-кон ва нефть вазирлиги билан ўтказилган учрашув натижалари ва икки мамлакат хусусий секторлари ўртасидаги савдо музокаралари ҳолати билан таништирди. Шунингдек, савдо мувозанатини таъминлаш, жумладан, Афғонистондан кўмир импорт қилиш масалаларида қизиқиш билдирилди.
Вазир вазифасини бажарувчи ҳар икки мамлакат миллий маҳсулотларининг халқаро савдо маркази — Термизда йилига 5 марта кўргазма ўтказишни таклиф қилди. Бу хусусий сектор дастурларини янада қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.
Учрашувда имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни якунлаш ва Самангондаги цемент заводи билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, ҳар икки мамлакатда савдо уйларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси мамлакат бош вазири Абдулла Ариповнинг Афғонистонга қилган ташрифи чоғида қабул қилинган мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида Кобулга ташриф буюрди. Шунингдек, Афғонистон саноат ва савдо вазири ўринбосари Мавлавий Аҳмадулло Зоҳид билан савдо учрашувлари ўтказилди. Уларнинг натижасида икки мамлакат хусусий сектори ўртасида 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида бизнес келишувлари имзоланди.