Ўзбекистон ва Action Group Holdings ДХШ бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков жорий йилнинг 19 март куни Кувайтнинг “Action Group Holdings” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда хорижий томондан компаниянинг Ижроия қўмитаси аъзоси Абдулла Муҳаммад Ал-Сабаҳ бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.
“Action Group Holdings” компанияси 1998 йилда Кувайтнинг Ал-Кувайт шаҳрида ташкил этилган бўлиб, инвестициялар, кўчмас мулк, нефть, ахборот технологиялари, логистика, қурилиш, таълим, консалтинг ва савдо йўналишларида фаолият юритади.
Музокаралар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини ривожлантириш ва инвестиция имкониятларини кенгайтириш масалаларига бағишланди. Учрашув давомида “Action Group Holdings” вакиллари билан энергетика, кўчмас мулк ва ижтимоий инфратузилма соҳаларида лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
“Action Group Holdings” вакиллари Ўзбекистондаги мавжуд инвестиция муҳитини юқори баҳолаб, мамлакатнинг жадал ривожланаётган инфратузилмаси ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлигига эътибор қаратди.
Кувайт делегацияси вакиллари, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни, жумладан, паст даромадли аҳолига мўлжалланган уй-жой қурилиши ва муқобил энергетика йўналишларидаги инвестиция лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида учрашувлар ўтказиш ва маслаҳатлашувларни фаоллаштиришга келишиб олди.