“Ўзбекистон – Уммон” туризм форуми: Ипак йўли дурдонасининг янги имкониятлари
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 6 июль куни Туризм қўмитаси томонидан Уммон Султонлигида “Ўзбекистон – Уммон” туризм форуми ўтказилди. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг халқаро туризм майдонидаги имиджини мустаҳкамлаш, араб дунёсидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва туризм ёпналишида инвестиция салоҳиятини кенг намойиш этиш мақсадида амалга оширилди.
Форумда икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги масъул идоралари, йирик сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхона тармоқлари вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида томонлар ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига этибор қаратдилар.
Шунингдек, форум доирасида “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, дунёга машҳур маданий обидалари, миллий ҳунармандчилиги ва гастрономик анъаналари ўз аксини топди. Меҳмонлар Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарларнинг ноёб сайёҳлик манзаралари билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Тадбирнинг амалий қисми сифатида «Б2Б» ва «Г2Б» форматидаги учрашувлар ташкил этилди. Унда ўзбек ва уммонлик туризм компаниялари ва давлат идоралари вакиллари ўзаро ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, хизматлар алмашинуви, турпакетлар ишлаб чиқиш ва биргаликда маркетинг стратегияларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бордилар. Бу эса икки давлат ўртасида барқарор ва самарали туристик алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.
Мазкур тадбирлар орқали Ўзбекистон нафақат Уммон, балки бутун араб дунёсида ўзининг бетакрор сайёҳлик йўналиши сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб, Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк вазифасини яна бир бор намоён этди.