Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари Ўзбекистон учун янги истиқболли экспорт бозорларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди.
Тадқиқот учун go4worldbusiness.com сайтидан январь-март ойларидаги жами 26000 дан ортиқ маълумот веб скрепинг (Web Scraping) усулида олинди. Ўзбекистон экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган товарларни аниқлаш учун RCА (revealed comparative advantage - аниқланган қиёсий устунлик) индекси ҳисобланди ва асосан хусусий сектор томонидан ишлаб чиқариладиган 25 хил маҳсулот тури танлаб олинди. Улар учун ҳудудларнинг алоҳида RCА индекслари ҳам ҳисобланди. Натижада ҳудудларимиз ва дунёнинг турли минтақаларида жойлашган потенциал бозорларни бир-бири билан боғлаш бўйича аниқ тавсиялар бериш имконияти пайдо бўлди.
Таҳлил натижасида Франция, Голландия, Польша, Испания, Австрия, Швеция, Италия, Бельгия, Бангладеш, Хитой Сянгани, Япония, Сингапур, Қувайт, БАА, Туркия, Таиланд, Қатар, Жанубий Корея, Миср, Саудия Арабистони каби мамлакатларда мева-сабзавотлар, қуритилган мевалар, турли хил мева шарбатлари, ёнғоқ каби маҳсулотларга бўлган талаб юқори эканлиги аниқланди. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича Наманган, Жиззах, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари яхши имкониятга эга.
АҚШ, Франция, Германия, Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва БАА каби мамлакатларда бошоқли экинлар, ғалла, ун, зираворларга талаб юқори. Ушбу маҳсулотларни экспорт қилишда эса Бухоро, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари тадбиркорлари нисбий устунликка эга.
Эркаклар ва аёллар кийими, тўқимачилик маҳсулотлари, синтетик тола ва турли хил текстиль маҳсулотларига бўлган талаб АҚШ, Италия, Франция, Испания, Бельгия, Голландия, Дания, Греция, Германия, Туркия, Буюк Британия, Япония, БАА, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Ливан, Қувайт, Малайзия, Сингапур, Бангладеш ва Таиланд давлатларида юқори эканлиги аниқланди. Ушбу товарларни экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган Наманган, Хоразм, Бухоро, Навоий, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар етказиб бериши мумкин.
Пахтадан йигирилган ип, турли хил матолар, синтетик тола, ипак, гилам, тери ва чарм маҳсулотларига бўлган талаб Германия, Италия, Голландия, Франция, Бельгия, Испания, Буюк Британия, Исроил, Қатар, Япония, Хитой Сянгани, Таиланд, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон ва БАА каби мамлакатларда юқори эканлиги маълум бўлди. Ҳудудий RCА индексига кўра, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишда Самарқанд, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Бухоро вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар яхши имкониятга эга.
Шунингдек, Ўзбекистон турли хил ўғитлар ва ўғит маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам нисбий устунликка эга бўлиб, ушбу маҳсулотларга асосан АҚШ, Бразилия, Германия, Польша, Бангладеш, Ҳиндистон ва Вьетнам давлатларида талаб юқори. Bu маҳсулотларни экспорт қилишда эса Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳри тадбиркорлари нисбий устунликка эга.
Айтиб ўтиш лозимки, ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консультатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши ва аҳоли турмуш даражасининг ошишига олиб келади.