Ўзбекистон ТИВ ва Туркий инвестиция фонди ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Туркий инвестиция фонди президенти Багдад Амреев билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида туркий дунё доирасида иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари ҳамда Фонднинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Устувор соҳалардаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Вазир Саидов Туркий инвестиция фондининг яшил энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, инновациялар ва барқарор ўсиш ҳамда минтақавий интеграцияни қўллаб-қувватловчи бошқа йўналишлардаги ташаббусларини юқори баҳолади.