Ўзбекистон банклари Ассоциацияси 27 октябрь куни ОАВ ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Унда «Ўзбекистон тижорат банкларининг миллий шкаладаги кредит рейтингини белгилаш мезонлари ва тартиби бўйича» сўз олиб борилди.
2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан рўйхатга олинган тижорат банкларининг умумий сони 32 тани ташкил этди, шундан 13 таси давлат улуши иштирокидаги, 5 та хусусий, 8 та чет эл капитали иштирокидаги ва 6 та акциядорлик тижорат банклардир.
Ўзбекистон банклари Ассоциацияси таркибидаги «Ahbor-Reyting» Рейтинг агентлиги – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 9 ноябрдаги 427-сонли қарори ижроси юзасидан тижорат банкларига, суғурта, баҳолаш ва лизинг корхоналарига, қимматли қоғозлар эмитентларига, ломбардларга, микрокредит ва бошқа корхоналарга рейтинг хизматларини кўрсатиш мақсадида ташкил қилинган Ўзбекистондаги биринчи рейтинг агентлигидир.
2005 йил декабрь ойида «Ahbor-Reyting» МЧЖ рейтинг агентлиги Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб Осиё кредит рейтинг агентликлари Ассоциациясининг (Association of Credit Rating Agencies in Asia - ACRAA) аъзолигига қабул қилинди ва бугунги кунда Осиё, Европа, Америка ва СНГ давлатларидаги етакчи ҳалқаро рейтинг агентликлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.
«Ahbor-Reyting» Рейтинг агентлиги респубикамизда фаолият юритаётган тижорат банкларига рейтинг беришда қатор мезонларга асосланади. Тадбирда рейтинг мезонларини белгилаш тартиби ва талаблари бўйича батафсил маълумот берилади.
Миллий рейтингни берилиши ва унинг доимий мониторинги «Ahbor-Reyting» агентлиги томонидан ишлаб чиқилган рейтинг баҳони аниқлаш ва мониторинг ўтказиш бўйича методик кўрсатмалар ва тартиблар доирасида амалга оширилади. «Ahbor-Reyting» Рейтинг агентлиги томонидан қўлланиладиган барча рейтинг усуллари ва тартиблари Осиё кредит рейтинг агентликлари Ассоциацияси (Association of Credit Rating Agencies in Asia - ACRAA) ҳамкорлигида бевосита кўрсатмаси асосида рейтинг стандартлари ва методикаси талабларига мос ҳолда ҳамда ҳалқаро қабул қилинган этика нормалари асосида ишлаб чиқилган. «Ahbor-Reyting» Рейтинг агентлигининг методологик базаси иқтисодиётнинг банк, суғурта, лизинг, инвестиция ва бошқа тармоқларини ўз ичига қамраб олади. Белгиланган масалаларни ҳал қилиш мақсадида «Ahbor-Reyting» рейтинг агентлиги институционал ва продуктив рейтинг йўналишини изчил ривожлантирмоқда, маълумотларни ёритиш тизимини яхшиланишига ёрдам бермоқда ҳамда Ўзбекистон молия хизматлари бозорида рейтинг изланишлар олиб бормоқда.
Мисол учун, «uzA+» рейтинги банкнинг кредитга лаёқатлилигининг жуда юқори даража-сини кўрсатади, бу унинг фаолиятидаги кредит хавфининг жуда паст даражасини акс эттиради. «UzA+» рейтингига эга бўлган банк - кредиторлар, омонатчилар ва инвесторлар олдидаги молиявий мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш учун жуда юқори салоҳиятга эга эканлиги билан тавсифланади. Шунингдек, бир қанча талабларга жавоб бериш керак бўлади.
Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари Ўзбекистон тижорат банкларининг миллий шкаладаги кредит рейтингини белгилаш мезонлари ва тартиби бўйича маълумотларга эга бўлиш билан бирга тижорат банкларининг 2021 1 октябр ҳолатига кўра рейтинглари билан танишдилар.