Ўзбекистон стартаплари Web Summit Qatar 2025да иштирок этишга тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park вакиллари 23–26 февраль кунлари Доҳада бўлиб ўтадиган “Wеб Summit Qatar 2025”га тайёргарлик кўриш бўйича тренинг ўтказдилар. Тадбир стартапларга келгуси саммит ҳақида батафсил маълумот бериш ва тайёргарликнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
“Wеб Summit Qatar 2025” Доҳа кўргазма марказида (DЕCC) минглаб халқаро тадбиркорлар, инвесторлар ва етакчиларни бир жойга тўплаб, технология оламини бирлаштиради.
“Wеб Summit” 2009 йилда Дублинда Падди Косгрев томонидан асос солинган. 2009 йил октябрида саммит 150 кишилик технология конференцияси сифатида ўз ишини бошлаган. Ўшандан буён “Wеб Summit” бутун дунёдан бир миллиондан ортиқ бизнесменларни жамлади. Йил давомида “Wеб Summit” дунё бўйлаб тадбирлар ўтказади, жумладан, Жанубий Америкада “Web Summit Rio”, Яқин Шарқда“Web Summit Qatar”, Шимолий Америкада “Collision” ва “Wеб Summit Vancouver”, шунингдек, Осиёда “RISE”.
Стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш мақсадида IT Park хорижда бизнесни кенгайтириш учун амалий воситалар ва тавсиялардан иборат чек-лист ишлаб чиқди. Чек-листнинг мақсади самарали натижаларга эришиш учун вазифаларни тизимлаштириш ва ҳаракатларни режалаштириш ҳисобланади.
Тренингда “Coozin”, “Tuzuk”, “Karmon AI”, “LaMenu”, “TPM” ва “Emplbee” стартаплари иштирок этди. Улар “Wеб Summit Қатар”да самарали иштирок этиш, жумладан, MENA минтақасида алоқалар ўрнатиш ва инвестицияларни жалб қилиш стратегиялари бўйича қимматли тавсиялар олдилар.
IT Park бош директори Абдулахад Кучкаров тадбирга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлаб, иштирокчиларга саммитда максимал натижаларга эришиш учун зарур бўлган ҳаракатлар рўйхатини тақдим этди.
Тренинг давомида иштирокчилар нафақат чек-листларни ўз компанияларининг индивидуал эҳтиёжларига мослаштирдилар, балки брендни стратегик ривожлантириш, маркетинг жараёнларини оптималлаштириш ва халқаро майдонда ўз лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар олдилар. Ушбу воситалар компанияларга глобал бозорда мустаҳкам ўрин эгаллашга, ҳамкорлар ва инвесторларнинг эътиборини жалб қилишга, шунингдек, ўз маҳсулотлари ва хизматларини самарали тақдим этишга ёрдам беради.
Иштирокчилар тренингнинг фойдалилигини таъкидлаб, олинган билимлар уларга ўз лойиҳаларини “Wеб Summit Qatar 2025”да муваффақиятли тақдим этишга, стартапларини ривожлантиришга ва халқаро бозордаги мавқеларини мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирдилар.
IT Park ўз резидентларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, уларнинг ўсиши ва рақобатбардошлигини ошириши учун шароитлар яратмоқда. IT Park мутахассислари стартапларга асосий кўникмаларни ривожлантириш, янги бозорларга чиқиш ва улкан мақсадларга эришиш учун илғор ёндашувларни жорий этишда кўмаклашмоқда.