Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитаси харидлар учун 1% кэшбэк ҳисоблаш тартибига изоҳ берди.
“Potrebitel.Uz” гуруҳида харидлар учун 1% кешбек тасдиқланишига боғлиқ масалалар фаол муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Солиқ қўмитаси чекларни Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказгандан сўнг, кэшбэкни тасдиқлаш жараёни келаси ойнинг 25-санасидан эртароқ амалга оширилмаслигини эслатиб ўтди.
2024 йил 1 январдан харид суммасидан 1% кешбек олишда ойлик харид суммасига чегаравий миқдор (БҲМнинг) 60 бараваригача ўрнатилди. Бу ҳар ойда 22,5 млн сўмгача харид суммасидан кешбек 225 000 сўмгача тасдиқланади.
Агар сиз товар ёки хизмат сотиб олган тадбиркорлар солиқ ҳисоботини тақдим этмаган бўлса, ёки унда камчиликлар мавжуд бўлса ёхуд уларнинг солиқ қарздорлиги тўланмаган бўлса, кешбек фақат шу камчиликлар бартараф этилганидан кейин тасдиқланади.
Масалан, декабрь ойи учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот (йиллик ҳисобот), шунингдек, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисобот 15 февралдан кечиктирмай тақдим этилиши керак. Шу боис, баъзи ҳолларда кешбек ҳали "тасдиқланиш жараёнида" бўлиши мумкин.
Кешбек қуйидаги ҳолларда ҳисобланмайди:
- агар чек берилганига 10 кундан ортиқ вақт ўтган бўлса;
- Ўзини ўзи банд қилган шахслар хизмат кўрсатганда;
- автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олишда, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар тўлов чеклари учун;
- жисмоний шахслар шубҳали харидорлар реэстрига киритилган бўлса.
Шубҳали харидорлар – кешбекка эга бўлиш учун бошқа фуқаролар томонидан амалга оширилган харид чекларини эгасининг рухсатисиз рўйхатдан ўтказган шахслар.
Агар харидлар учун тўлов маркетплейслар ёки электрон тўлов ташкилотлари орқали амалга оширилса ва бу пайтда фойдаланувчининг телефон рақами Soliq мобил иловасидаги рақам билан мос келса, кешбек автоматик тарзда ҳисобланади.
Онлайн такси агрегаторлари орқали, асосан, ўзини ўзи банд қилганлар фаолият юритади. Юқорида таъкидланганидек, ўзини ўзи банд қилган шахслар чеклари учун кешбек ҳисобланмайди.
Тасдиқланган кешбекни банк картасига ўтказиш учун Face IDдан ўтиш керак.
Илова мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда ва унинг янги версияларини янгилаб бориш муҳим.
Soliq мобил иловасини фақат расмий платформалардан юклаб олинг: Play Market ва App Store
Агар иловага оид саволлар туғилса, Telegram-бот орқали мурожаат қилиш мумкин:
https://t.me/soliq_mobililova_murojaatlar_bot
Soliq мобил иловасидаги "Хабар юбориш" бўлими ва soliq.uz сайти орқали солиқ органлари билан қайта алоқа тизими йўлга қўйилган.