Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Гонконгдаги халқаро кўргазмада намойиш этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари 12-15 июнь кунлари Гонконг кўргазмалар марказида (HKCEC) ўтказилган Осиёнинг энг йирик сайёҳлик кўргазмаси - ITE Hong Kong 2025 (International Travel Expo)да тақдим этилди.
Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган миллий стенд кўргазмадаги энг ёрқин ва эсда қоларли павильонлардан бирига айланди. Унда мамлакатимизнинг бой маданий мероси, анъанавий халқ ҳунармандчилиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятининг ранг-баранглиги ва бетакрорлигини акс эттирувчи замонавий сайёҳлик йўналишлари намойиш қилинди.
Кўргазмага Осиё ва дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган сайёҳлик агентликлари, авиакомпаниялар, инвесторлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди. Ўзбекистон стенди ўзининг мазмунли тақдимоти, миллий мусиқаси, шунингдек, шарқона меҳмондўстлик руҳини акс эттирувчи жонли муҳити билан кенг қизиқиш уйғотди.
Кўргазма доирасида халқаро ҳамкорлар билан ишбилармонлик учрашувлари ва музокаралар ўтказилди. Хусусан, Гонконг маданият ва туризм қўмитаси раиси билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилди.