Валюта курслари 16/07/2025
$1 – 12778.12
UZS – 0.62%
€1 – 14931.23
UZS – 0.56%
₽1 – 164.01
UZS – 1.14%
Қидириш
Иқтисод 15/07/2025 Ўзбекистон савдони соддалаштириш даражаси бўйича ривожланган мамлакатларни ортда қолдирди — UNTF Survey 2025 натижалари

Ўзбекистон савдони соддалаштириш даражаси бўйича ривожланган мамлакатларни ортда қолдирди — UNTF Survey 2025 натижалари

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан  БМТнинг Рақамли ва барқарор савдо тартибини соддалаштириш бўйича глобал тадқиқоти (UNTF Survey) натижалари таҳлил қилинди. 

Ушбу тадқиқот ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади, 180 дан ортиқ давлатни қамраб олади ва мамлакатлар ташқи савдода қай даражада замонавий рақамлаштириш стандартларини қўллаётганини, шаффофликни таъминлаётганини ва бюрократияни қисқартираётганини баҳолайди.

Тадқиқотнинг асосий кўрсаткичи бу Савдо тартибини соддалаштириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиш коэффициенти (Trade Facilitation Score) бўлиб, у 62 та йўналиш бўйича мамлакатнинг умумий ютуқларини акс эттиради. Ушбу йўналишларга Жаҳон савдо ташкилотининг Савдони соддалаштириш бўйича битими (TFA) қоидалари, шунингдек, қоғозсиз савдо, трансчегаравий электрон савдо ва “яшил савдо”ни соддалаштиришга доир янги минтақавий ва глобал ташаббуслар киради. Тадқиқот доирасида, шунингдек, кичик бизнес ва аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, савдода кенг ва инклюзив иштирокни таъминловчи чора-тадбирлар ҳам ўрганилган.

Ўзбекистон шаффофликни тўлиқ таъминлаган, рақамлаштиришни оширган ва расмиятчиликларни кескин камайтирган ҳолда ушбу йўналишда минтақадаги энг яхши натижаларни намойиш қилмоқда ва нафақат минтақа давлатлари, балки бир қатор ривожланган мамлакатларни ҳам ортда қолдирмоқда. 

2025-йилда Ўзбекистон салмоқли натижаларга эришди — якуний коэффициент бўйича 92,47 фоиз. Бу Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткич (77 фоиз), дунё бўйича ўртача кўрсаткич (70,4 фоиз) ва ривожланган мамлакатлар кўрсаткичидан (86 фоиз) юқори.

Асосий йўналишлар ва кўрсаткичлар:
Шаффофлик — 100 фоиз
Божхонадаги расмиятчилик — 95,83 фоиз
Қоғозсиз савдо — 96,3 фоиз
Ташқи қоғозсиз савдо — 88,89 фоиз 
Институционал механизмлар ва ҳамкорлик — 66,67 фоиз

2023-йил билан қиёслаганда умимий коэффициент (84,95 фоиз)  ўсиши 7,5 фоиз пунктдан ошди. Айниқса, шаффофлик ва қоғозсиз савдо йўналишларида сезиларли ривожланиш кузатилмоқда. Бу эса ҳужжатлар ва қоғозбозликни кескин камайтириш, экспорт-импорт операцияларини тез расмийлаштириш ва ташқи савдо иштирокчилари учун очиқ тартибга солиш муҳитини яратиш имконини берди. “Ягона дарича” тизими жадал ривожланмоқда, рухсатнома ва сертификатларни олиш учун электрон хизматлар интеграция қилинаяпти, давлат органлари ўртасида электрон ҳужжат айланиши кенгаймоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг  шундай юқори натижа қайд этишига  олиб келмоқда.

UNTF Survey 2025 доирасида Ўзбекистон эришган натижалар бу нафақат ислоҳотлар самарадорлигининг тан олиниши, балки халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар учун ҳам муҳим ишорадир: мамлакат тобора очиқлашмоқда, рақобатбардош ва глобал етказиб бериш занжирларига чуқур интеграциялашмоқда.

Бу натижалар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги мавқеини мустаҳкамлаб, узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун замонавий ва шаффоф инфратузилма шаклланишига ва “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган маҳсулот ва хизматлар экспортини ошириш бўйича мақсадларга эришишга ҳам хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг