Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 19/07/2024 «Ўзбекистон Республикасида креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди
«Ўзбекистон Республикасида креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан креатив иқтисодиёт контекстида ҳудудий брендинг аҳамияти ўрганилди.

Ҳудудлар брендингида ижодкорлик муҳим ўрин касб этади, сабаби мавжуд салоҳият ривожлантириш ва тарғиботга муҳтож. 

Минтақанинг машҳурлигини оширишга ёрдам берган муваффақиятли маркетинг кампанияларига қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:

Рашмор тоғи - Жанубий Дакотадаги (АҚШ) энг диққатга сазовор манзиллардан бўлиб, гранит тоғнинг бир томонида тўрт АҚШ президенти қиёфаси акс эттирилган.

Ёдгорлик йилига икки миллиондан ортиқ саёҳатчиларни жалб қилади.

ONLYLION кампанияси доирасида Лион (Франция) шаҳрининг рамзи қилиб шер кўрсатилиб,
дрон воситасида шаҳарнинг юқоридан олинган видеоси Европанинг аэропортлари ва турли ижтимоий тармоқларда намойиш этилган. 

Шимолий Ирландияда машҳур «Тахтлар ўйини» фильмида суратга тушган ва бўрон натижасида қулаган дарахтлардан ўнлаб нақшдор эшиклар ясалиб, мамлакат бўйлаб ўрнатилган ва "Эшиклар саёҳати" деб номланган янги сайёҳлик йўналиши яратилган

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари ҳам дунёда ўзига хос имижга эга.

Наманган дунёда «гуллар шаҳри» сифатида ўзини намоён қилган ва унда ҳар йили гул фестиваллари ўтказилади.

Риштон Фарғона вилоятининг моҳир кулол усталари билан машҳур бўлган қадимий шаҳар бўлиб, жаҳон миқёсида ноёб кулолчилик маркази сифатида эътироф этилган.

Конигил қишлоғи (Самарқанд) ўзининг – сирти силлиқ, мустаҳкам ва сиёҳни оз сингдирувчи ноёб ипак қоғози билан танилган.

Шунга қарамай минтақаларнинг улкан сайёҳлик салоҳияти амалга ошмай қолмоқда.

Кўпчилик Қизилқум чўлида ўз даврининг озуқа занжирида энг юқори мавқега эга бўлган «Динозаврлар қироли» қолдиқлари топилганидан бехабар.

Улар ҳаттоки машҳур тиранозаврлардан ҳам йирикроқ бўлган. Мазкур турнинг номида «Ulughbegsaurus uzbekistanensis» мавжудлиги динозаврларнинг минтақамизга алоқадорлигини акс эттиради ва улардан маркетинг кампанияси сифатида фойдаланишга имкон яратади. Яъни, «Ulughbegsaurus» акс этган ҳудуд логотипини ишлаб чиқиш, динозаврлар мавзусидаги кўнгилочар муассасалар (парклар, музейлар ва бошқалар)ни яратиш лозим. Шу билан биргаликда, замонавий технологик имкониятлардан фойдаланган ҳолда динозаврлар шаклида дронлар шоусини ва рангли голограммалар кўринишидаги визуал кўргазмаларни ташкил қилиш мумкин.

Учқизил сув омборидаги каби Сурхондарёнинг гўзал тоғ манзаралари мамлакатимизга ташриф буюрувчиларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Бунда "Yodel Ay Hee Hoo" кампанияси стратегиясини қўллаш орқали Самарқанд ва Тошкент аэропортларидаги инфокиоск ёнидан ўтаётган чет эллик сайёҳларни Сурхондарёнинг қишлоқларига чақириш мумкин.

Яъни, қишлоқдаги маҳаллий аҳоли вакили кишилар билан онлайн суҳбатга киришади ва реал вақт режимида ҳудуд манзарасини кўрсатиб уларни жалб қилади. Бу усулни Сурхондарё қишлоқларида этнографик туризмни ривожлантириш йўлида, сайёҳларни хонадонларга меҳмонга таклиф қилиш орқали маданият билан таништириш учун қўллаш мумкин.

Бухоро ўзига ҳос меъморий мероси туфайли ўзини "Юз гумбазли шаҳар" сифатида танитиши мумкин.

Бухоронинг энг диққатга сазовор гумбазли иншоотлари орасида Чор Минор мадрасаси, Пои Калон мажмуаси, Мир Араб мадрасаси ва бошқаларни келтириш мумкин.

Яратилган имиджни мақсадли аудиторияга ижодий усул билан етказилиш учун "Исландиядан илҳомланган" кампанияси моделини қўллаш мумкин. Бухоро мисолида айтилса, шаҳарнинг Ислом дунёсидаги юқори аҳамиятини намойиш этувчи бир қатор видеоматериалларни суратга олиш ва самарали каналлар орқали узатиш туфайли шаҳарга ташриф буюрувчилар сонини ошириш ҳамда мазкур манзилни ҳар бир мусулмон ҳаётида камида бир марта қилиши керак бўлган зиёратга айлантириш мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг