Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 17/09/2024 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидаги нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидаги нутқи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сизларни қутлашдан чин дилдан мамнунман.

Самимий қабул ва учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Германия Федерал канцлери ҳурматли Олаф Шольц Жаноби Олийларига минтақамиз мамлакатлари билан кўп қиррали шерикликни кенгайтириш тарафдори эканлиги учун ташаккур изҳор қиламан.

Бизнинг Берлиндаги илк учрашувимиз ва бугунги саммит очиқ ва конструктив мулоқотимизни давом эттириш, аниқ, амалий натижаларга эришишга бўлган умумий интилишимизни яна бир бор тасдиқламоқда.

Биз илгари сурилаётган ташаббуслар экспертизаси ва уларни амалга ошириш механизмларини шакллантирадиган мана шундай форматдаги учрашувларни мунтазам ўтказиб боришдан манфаатдормиз.

Ҳурматли Федерал канцлер Жаноби Олийлари!

Биз Германиянинг мамлакатларимизда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз.

Шуни алоҳида таъкидлайманки, бизнинг муносабатларимиз чуқур тарихий илдизларга эга. XVIII асрдаёқ Европадаги Маърифатпарварлик даврининг буюк бастакори Гендель ўз ижодининг шоҳ асарларидан бири бўлган “Амир Темур” операсини яратган. Буюк шоир ва файласуф Гёте ўзининг бир қатор машҳур асарларини цивилизация марказлари бўлган қадимий шаҳарларимизга бағишлаган.

Яна бир тарихий мисолни келтираман. XX аср бошида Марказий Осиёнинг бир гуруҳ истеъдодли, тараққийпарвар ёшлари Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олишган ва кейинчалик маърифатпарварлик ғояларини илгари суриш, минтақамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшганлар.

Таъкидламоқчиманки, биз бугун Германияни барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларга эришишда муҳим ҳамкорларимиздан бири сифатида кўрамиз.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда рўй бераётган чуқур, фундаментал ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биз очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйдик, чегара, сув, энергетика, савдо, транзит билан боғлиқ кўплаб муаммоларни мустақил ҳал қилаяпмиз.

Яқинда бу ерда, Остона шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг олтинчи учрашувини ўтказдик.

Минтақанинг халқаро субъект сифатидаги ўрни мустаҳкамланмоқда, жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан “Марказий Осиё плюс” форматидаги ҳамкорлиги кенгаймоқда.

Минтақа ичидаги савдо айланмаси, инвестициялар, юк ташувлари, фуқароларимизнинг сайёҳлик ташрифлари кўрсаткичлари бир неча баробар ўсди.

Биз “яшил” энергетика ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилаяпмиз.

Тажриба ва технологияларни алмашяпмиз, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида замонавий корхоналар ташкил этаяпмиз, кооперация лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича молиявий воситаларни жорий қилаяпмиз.

Энг муҳими, минтақамизнинг эртанги куни, унинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти фақат бизнинг сиёсий иродамиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканини аниқ тасаввур қилмоқдамиз.

Биз европалик шерикларимиз, энг аввало, Европа Иттифоқининг мамлакатларимиз билан ҳамкорлик бўйича стратегия ва кўп томонлама дастурларининг асосий ташаббускори бўлган Германиянинг қизиқишларини самимий олқишлаймиз.

Келгуси йили “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги навбатдаги саммитни Ўзбекистонда, минтақа келажагига инвестициялар киритишни учрашувимиз кун тартибидаги асосий мавзу сифатида белгилаган ҳолда, ўтказишга тайёргарлик кўраяпмиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар мамлакатларимизга ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда, миллий ислоҳотларимизни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда.

Кечагина ҳурматли Олаф Шольц Жаноби Олийлари билан Самарқанддаги музокараларимиз чоғида мен бугунги учрашувимиздан кутаётган юксак натижалар ҳақида фикр алмашдим.

Шу муносабат билан Марказий Осиёда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича қарашларимизни баён этишни истар эдим.

Биринчи. Марказий Осиё ва Германия ўртасидаги минтақа барқарорлиги, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш бўйича умумий манфаатларимизга жавоб берадиган стратегик минтақавий ҳамкорликни юксак қадрлаймиз.

Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган, узоқ муддатга мўлжалланган Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қиламиз. Унинг биринчи мажлисини келгуси йили немис-меннонитларининг катта жамоаси яшаган минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири – Хивада ўтказишга тайёрмиз.

Шунингдек, саммитларимиз кун тартибини тайёрлашда мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиллик учрашувларига муҳим аҳамият қаратамиз.

Иккинчи. Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шериклик.

Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда немис компаниялари иштирокида амалга оширилаётган ва истиқболли лойиҳалар умумий портфели 20 миллиард евродан ошади. Улар энергетика, кимё ва тоғ-кон саноати, машинасозлик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби йўналишларни қамраб олади.

Шерикларимиз орасида Германиянинг етакчи, жумладан, “Siemens”, “Linde Group”, “BASF”, “MAN”, “Claas”, “Henkel”, “Knauf” компаниялари ва бошқа ишлаб чиқарувчилари сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига 6 миллиард евро сармоя киритди.

Бугун бизда немис бизнеси вакиллари билан истиқболли режаларни муҳокама қилиш имконияти бўлади.

Ишбилармонликка доир ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этаман: Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия сармоявий ва технологик ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш; чегара ҳудудларида ташкил этилаётган махсус иқтисодий ва саноат зоналаридаги лойиҳалар, минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга етакчи немис компаниялари ва банкларини жалб этиш; доимий бизнес-мулоқот майдончаси – “Марказий Осиё ва Германия” инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга тушириш. Унинг биринчи учрашувини келгуси йили Ўзбекистонда, Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказишга тайёрмиз; инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш.

Учинчи. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хомашё ресурслари соҳасида шериклик.

Таъкидлаб ўтилганидек, минтақамиз фойдали қазилмаларга бой. Германия минерал ресурслар агентлиги ва немис компаниялари бу соҳада бизнинг муҳим шерикларимиз бўлиши мумкин. Бу ўринда гап геологик разведка, конларни жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига маҳсулот етказиб беришни ташкил этиш борасидаги лойиҳалар ҳақида бормоқда. Ўзбекистон қўшни мамлакатларда бундай лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр.

Минтақамизда аниқланган муҳим хомашё ва нодир металлар конларининг рақамли харитасини яратиш бўйича дастурни ишлаб чиқишда Германия техник кўмагини жалб этиш истиқболли ҳисобланади. Шунингдек, бу соҳадаги ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий базасини шакллантириш муҳим деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчи. “Яшил” энергетика.

Сўнгги йилларда минтақамиздаги барча мамлакатлар қуёш, шамол ва сув энергетикасини фаол ривожлантирмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқларини модернизация қилмоқда, “яшил” водород лойиҳаларини илгари сурмоқда.

Энергетика вазирликлари, корпорациялар, операторлар, илмий ташкилотлар, лойиҳа институтлари ва тармоқ экспертларини жалб этган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетика соҳасидаги мулоқотини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз Германия техник кўмагини жалб этган ҳолда Кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс дастурни тайёрлашдан манфаатдормиз.

Бешинчи. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш.

Экспертларнинг башоратига кўра, Марказий Осиё минтақаси глобал исиш оқибатлари олдида ҳаммадан кўра заиф бўлиб қолаверади. Минтақада ўртача ҳароратнинг ошиши жаҳондаги умумий кўрсаткичдан икки баробар кўпроқ бўлади.

Германия томонига “Яшил Марказий Осиё” дастурининг иккинчи фазаси ишга туширилгани, экологик лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирамиз. Биз Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга ошириш, сувдан оқилона фойдаланишда немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, мутахассис-экологларни тайёрлашда ҳамкорлик дастурларини қабул қилишдан манфаатдормиз.

Германия Канцлерининг Марказий Осиё табиат ҳамкорлигини яратиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз ва амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Олтинчи. Транспорт коммуникациялари, шу жумладан, ер усти ва ҳаво ташувлари яхши ривожланмагани ҳамкорликни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида Европа институтларини жалб этишда Германиянинг кўмагига умид қиламиз. Келгуси йилда бундай йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини топиш бўйича вазирларнинг қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ўтган йили Берлин Янги музейида ташкил этилган минтақамиз маданий-тарихий мероси кўргазмаси бундай тадбирларни доимий равишда ўтказишга катта эҳтиёж мавжуд эканини яна бир бор кўрсатди. Кўргазманинг бир неча ойлик фаолияти давомида Германия пойтахти аҳолиси ва меҳмонларидан ярим миллиондан ортиғи ташриф буюрди.

Биз мамлакатларимизда Маданий тадбирлар қўшма режаси қабул қилиниши тарафдоримиз, Германиянинг йирик шаҳарларида Марказий Осиё санъати ва киноси кунларини ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни, музейлар ҳамкорлигини йўлга қўйишни таклиф этамиз.

Илмий-маърифий алмашувлар соҳасида етакчи олий таълим муассасалари ҳамкорлиги учун платформани ишга тушириш, дуал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотларини жалб қилган ҳолда немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқишни долзарб вазифа, деб ҳисоблаймиз.

Шу йилнинг ёзида Гёттинген шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон олимпиадасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси эришган ғалаба ҳам ёшларимизнинг немис тилини ўрганишга бўлган катта қизиқишидан далолат беради.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Терроризм, экстремизм ва кибержиноятчиликка қарши курашиш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқдир.

Ўз муаммолари билан деярли якка ўзи қолган бу мамлакатда гуманитар инқирознинг янада чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Германия ва Европадаги бошқа шерикларимиз билан ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, чегара ёнида жойлашган Термиз шаҳридаги таълим марказида Афғонистоннинг тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, жумладан, хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Сўзимнинг якунида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё минтақаси билан кўп қиррали ҳамкорлик бўйича салоҳияти янада тўлиқроқ рўёбга чиқишидан манфаатдор.

Ишончим комил, бугунги учрашувимиз мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, стратегик шериклигимизни аниқ лойиҳа ва дастурлар билан тўлдириш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг