Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Спорт 13/11/2022 Ўзбекистон республикаси давлат байроғини қабул қилиш кунига бағишланган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон республикаси давлат байроғини қабул қилиш кунига бағишланган Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди

13 ноябр куни мамлакатимизнинг 15 та шаҳридан 50 мингдан зиёд иштирокчи, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилиш куни арафасида ташкил этилган Yangi Nafas спорт оммавий югуриш мусобақасига қўшилди. Оммавий югуриш мусобақаси Марказий Осиёда ташкиллаштирилган энг оммавий спорт тадбирларидан бирига айланди.

 Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Қарши, Қўқонд, Навоий, Наманган, Нукус, Самарқанд, Тошкент, Термиз, Урганч, Фарғона ва Чирчиқ аҳолиси, «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» шиори остида ўтказилаётган ушбу спорт-ватанпарварлик тадбирида иштирок этди.

13 ноябр куни оммавий спорт турли ёшдаги минглаб инсонларни республика байроғи остида бирлаштирди. Тошкент шаҳрида ушбу мусобақа бирданига учта манзилда ташкил этилди: тажрибали югуриш ҳаваскорлари «Янги Ўзбекистон» паркида бирлашган бўлса, «Ашхобод» сайилгоҳида оилавий оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди ҳамда беш мингга яқин югуриш ҳаваскорлари Humo Arena майдонида тўпланди. Sport.TV телеканалида тадбирнинг жонли эфири ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда ҳудудлардан уланишлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Ўзбекистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Ҳолмуҳаммедов иштирокчиларга табрик нутқи билан мурожаат қилди.

Қуролли кучлар академияси курсантларининг мусобақалар трассаси бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг 40 метрлик матоси билан масофани босиб ўтиши энг ёрқин таассурот қолдирган лаҳзаларнинг бирига айланди. 

Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақалари тобора ҳақиқий халқ ҳаракатига айланиб бормоқда. Ҳалол рақобат шартларини таъминлаш мақсадида оммавий югуриш пойгаларида фақат профессионал бўлмаган югуриш ҳаваскорлари ўз кучини ва кўникмаларини синаб кўриш имкониятига эга бўлди. Ташкилотчилар алоҳида эътиборни имкониятлари чекланган югурувчилар учун трасса хавфсизлигини таъминлашга қаратди. 

Енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, кенг кўламли Yangi Nafas оммавий спорт югуриш мусобақасини ташкиллаштириш учун бутун мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ волонтерлар жалб қилинганлигини, 345 та мураббий ва ҳакамлар учун ўқув тренинглари ўтказилганлигини таъкидлаб ўтди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кўмагида Ўзбекистоннинг 85 та олийгоҳидан 27 мингдан зиёд талаба Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақасида иштирок этишга муваффақ бўлди. Ҳамма иштирокчиларга байрам рамзи туширилган футболкалар, ғолибларга эса – эсдалик медаллари ва совғалар топширилди.

Муҳим давлат саналарини нишонлашга бағишланган спорт тадбирларининг ўтказилиши сўнгги йилларда хайрли анъанага айланиб қолган.

Шу каби кенг кўламли спорт мусобақаларининг ташкил этилиши алоҳида рамзий маънога ҳам эга – бизнинг спортчиларимиз Ўзбекистон байроғи остида халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ғалаба қозонмоқда ва пьедесталга кўтарилмоқда.

Спорт юртимизнинг янги авлоди ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолди. Спорт соҳасидаги ютуқлар, шубҳасиз, барча фуқароларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади, республикамизнинг байроғи эса халқ бирлигининг тимсоллаштиради.

Yangi Nafas спорт оммавий югуриш мусобақаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ёшлар ишлари агентлиги, Касабалар федерацияси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Ўзбекистон Триатлон федерацияси ҳамда Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилди.

Аёллар орасида мутлақ ғолиблар (Тошкент): биринчи ўрин - Насибуллина Ангелина (натижа - 12:55.70), иккинчи ўрин - Бектемирова Диана (натижа - 13:02.11), учинчи ўрин - Туйгунова Зарнигор (натижа - 13:22.01). 

Эркаклар орасида мутлақ ғолиблар (Тошкент): биринчи ўрин - Абдураҳмонов Шаҳром (натижа - 9:19.11), иккинчи ўрин - Надиёров Шерзод (натижа - 9:40.20), учинчи ўрин - Хаитов Шербек (натижа - 9:45.01).

Ногиронлиги бўлган иштирокчилар орасида ғолиблар (аёллар): биринчи ўрин - Ёқубжонова Маҳлиёхон (натижа -17:34.2), иккинчи ўрин - Колесникова Ангелина (натижа -

20:26.7), учинчи ўрин - Азимова Шахина (натижа -23:34.8). 

Ногиронлиги бўлган иштирокчилар орасида ғолиблар (эркаклар): биринчи ўрин - Арзикулов Сардор (натижа - 13:31.5), иккинчи ўрин - Баранов Владимир (натижа - 15:04.8), учинчи ўрин - Давронбеков Камрон (натижа - 15:12.8).

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг