Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Монреал шаҳрида фармацевтика маҳсулотларига қўйиладиган техник талабларни уйғунлаштириш бўйича халқаро кенгаш Ассамблеяси ICH’нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ директори Алишер Темиров иштирок этмоқда. Бу Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли ташкилот йиғилишидаги илк қатнашуви.
Маълумот учун, ICH (International Council for Harmonisation of Technical Requirements for Pharmaceuticals for Human Use) 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, дори воситаларининг сифатини, хавфсизлигини ва самарадорлигини таъминлаш учун фармацевтика маҳсулотлари учун халқаро илмий ва техник талабларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳисобланади. Бугунги кунда ICH таркибида 19 та тўлақонли аъзо ва 36 та кузатувчи мақомидаги иштирокчи мавжуд бўлиб, улардан асосийлари АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, шунингдек, бир нечта халқаро ташкилотларнинг тартибга солувчи органларидир.
Кенгашда ўз тақдимоти билан нутқ сўзлаган Алишер Темиров, Ўзбекистон миллий регулятор органи ва унинг вазифалари ҳамда аҳолини сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашда муассаса томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Бу эса ICH аъзолари томонидан юқори эътироф этилиб, йиғилишда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасини ICH’га расмий равишда кузатувчи мақомида қабул қилиниши бир овозда маъқулланди.
Айтиш жоиз, ICH’да кузатувчи мақомини олиш Ўзбекистон Республикасининг жаҳон фармацевтика ҳамжамиятига интеграциялашуви жараёнидаги муҳим қадам бўлиб, маҳаллий тартибга солиш стандартларини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш имконини яратади.