Валюта курслари 02/10/2024
$1 – 12739.99
UZS – 0.19%
€1 – 14256.05
UZS – 0.46%
₽1 – 136.83
UZS – -0.12%
Қидириш
Ўзбекистон 26/02/2019 Ўзбекистон-Қозоғистон сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди
Ўзбекистон-Қозоғистон сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раунди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 26-феврал куни Остона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон-Қозоғистон сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегациясига вазир ўринбосари Ғалимжан Қойшибаев бошчилик қилди. Икки томон кун тартибининг деярли барча масалалари, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик мавзулари батафсил муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бугун ҳамкорликнинг барча жабҳаларида янгича суръат касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон томонининг маълумотига кўра 2018-йилда ўзаро савдо деярли 50%га ўсиб, 3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ суммани ташкил этди. Шунга ўхшаш жараён ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида ҳам кузатилмоқда.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникацион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали алоқаларни ўзаро манфаатдорлик асосида янада оширишга томонларда бирдек қизиқиш борлиги тасдиқланди. Бунда Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, ишбилармонлар кенгаши ва шу каби ҳамкорликнинг янги институтлари фаол рол ўйнаши белгиланган. Учрашувда 2019-йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказиш бўйича тадбирлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маслаҳатлашувлар чоғида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Иккинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш мавзусига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур учрашув 2018-йил 15-мартда Остона шаҳрида ўтказилган биринчи учрашувнинг мантиқий давоми бўлиши кутилмоқда.

Манба: ТИВ расмий сайти.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг