Ўзбекистон қонунчилари ЖСТга аъзоликни тезлаштириш мақсадида Божхона кодексига ўзгартиришлар киритишни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда иқтисодий салоҳиятни тўлақонли рўёбга чиқариш, унинг глобал ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирига интеграциясини янада чуқурлаштириш, эркин бозор тамойилларини амалда татбиқ этишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишини жадаллаштириш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо ва тарифлар бўйича Бош битимнинг 1-моддаси 1-бандига мувофиқ ҳар қандай имтиёз ва қулайликлар аъзо бўлувчи давлатларга бир хилда қўлланилиши мажбурий эканлиги белгиланган.
Яъни ушбу ташкилотга аъзо давлат қолган барча аъзо 166 та давлатлатга божхона божларини қўллашда бир хил ёндашиши талаб этади.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо йўналишидаги икки ва кўп томонлама халқаро шартномалари асосида 10 та мамлакат билан эркин савдо режими, 47 та мамлакат билан энг кўп қулайлик бериш режими амал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига асосан савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик беришни назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан амалдаги импорт божлари ставкаларининг 2 баравари қўлланилиши белгиланган.
Божхона кодексига киритилаётган янги ўзгартиришларга асосан амалда импорт божи ставкаларининг 2 бараварини қўллаш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Лойиҳанинг қабул қилиниши импорт ва экспорт географияси ошишига ҳамда мамлакатимизни Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишига ижобий таъсир этади.
Мажлисда қонун лойиҳаси консептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.