Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги АҚШ томонидан «ёрдам қисқартирилаётгани» тўғрисидаги баёнотларни рад этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги АҚШ меҳнат вазири Лори Чавес томонидан ҳукумат йиғилишида айтилган халқаро молиявий ёрдамни қисқартиришга оид фикрларга муносабат билдирди.
ОАВ хабарига кўра, Лори Чавес Ўзбекистондаги пахта соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштиришдан «етарли даражада шаффофлик йўқлиги» сабабли воз кечилганини айтган ва натижада 250 миллион доллар тежалганини таъкидлаган. Гўёки ушбу баёнотдан сўнг Илон Маск кулиб юборган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъкидлашича, мазкур йиғилиш давомида вазирлик билан боғлиқ ҳеч қандай грант ёки молиявий ёрдам тилга олинмаган. Шунингдек, вазирлик билан АҚШ Меҳнат вазирлиги ўртасида ҳеч қандай битим ёки шартнома мавжуд эмаслиги қайд этилди.
«Бу масала бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти, ҳужжатлар ёки келишувлар мавжуд эмас», — дейилади вазирлик баёнотида.
Шу билан бирга, вазирлик Ўзбекистонда пахта саноатида меҳнат соҳасини ислоҳ қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилиш бўйича амалиётлар ҳақиқатан ҳам амалга оширилаётганини ва бу ишлар Халқаро меҳнат ташкилоти (МОТ), АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳамда GSP томонидан бир неча бор юқори баҳоланганини тасдиқлади.
Вазирлик ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини манбаларни синчиклаб текширишга, маълумотларни бузиб талқин қилмасликка ва тўғри ахборот муҳитини шакллантиришга ёрдам беришга чақирди.