Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Туризм 11/07/2025 “Ўзбекистон – Қатар” халқаро туризм форуми: туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш

“Ўзбекистон – Қатар” халқаро туризм форуми: туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 10 июль куни Қатар Давлатининг Доҳа шаҳрида Туризм қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган “Ўзбекистон – Қатар” халқаро туризм форуми бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини араб давлатларида тарғиб қилиш ва туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

 Форумда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, етакчи туроператорлари, авиакомпаниялари, инвестиция ва савдо тузилмалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирнинг очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Ўзбекистоннинг Қатардаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Ходжаев ҳамда Қатар туризм соҳаси вакиллари ўз кириш сўзларида сайёҳлик алмашинувини ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини айтиб, туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрликларини таъкидладилар.

 Форум доирасида “Ўзбекистон - Ипак йўли дурдонаси” тақдимоти ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари, ноёб сайёҳлик йўналишлари, зиёрат, тиббий, гастрономик ва экологик туризм соҳасидаги инфратузилма лойиҳалари ҳамда имкониятлари ёритиб берилди. Араб мамлакатларидан келувчи сайёҳлар учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. 

«B2B» ва «G2B» форматидаги икки томонлама учрашувлар катта қизиқиш уйғотди. Бу учрашувлар сайёҳлик бизнесининг вакиллари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш ва сайёҳлик маҳсулотларини илгари суриш механизмларини муҳокама қилиш имконини берди. Қатар туроператорлари ва оммавий ахборот воситалари учун Ўзбекистонга инфо-турларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. 

Бундан ташқари, кенг жамоатчилик учун маданий-тақдимот кўргазмаси ўтказилди. Кўргазмада Ўзбекистоннинг табиий ва меъморий диққатга сазовор жойларининг фотосуратлари, халқ ҳунармандчилиги буюмлари намойиш этилди, шунингдек, ўзбек миллий таомларини татиб кўриш имконияти яратилди.

“Ўзбекистон – Қатар” форуми Қатар аҳолисининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганини тасдиқлади ва туризм соҳасида барқарор ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди. Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши нафақат миллий сайёҳлик маҳсулотларини тарғиб қилишга, балки икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг