Валюта курслари 08/01/2025
$1 – 12948.10
UZS – 0.14%
€1 – 13502.28
UZS – 0.84%
₽1 – 121.01
UZS – 0.06%
Қидириш
Ўзбекистон 07/01/2025 Ўзбекистон Президенти Хитойдаги зилзила муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Хитойдаги зилзила муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитойнинг Шигацзе шаҳрининг Динжи туманида содир бўлган кучли зилзила муносабати билан ҳамдардлик телеграммаси йўллади.

Ўз мурожаатида давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оилаларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда жабрланганларга тезроқ шифо топишини тилади.

2025 йил 7 январь куни маҳаллий вақт билан соат 9:05 да (Тошкент вақти билан 4:05) Хитойнинг Сицзан (Тибет) автоном вилоятидаги Шигацзе шаҳрининг Динжи (Тингри) туманида магнитудаси 6,8 бўлган зилзила содир бўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу табиий офат оқибатида 100 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмди, яна 130 киши турли даражада жароҳат олди.

Зилзила ҳудуд инфратузилмасига катта зарар етказган: 1 000 дан ортиқ иншоот вайрон бўлди ёки шикастланди.

Ер силкинишларининг эпицентри Динжи туманидаги Цого қишлоқ округида, 28,50° шимолий кенглик ва 87,45° шарқий узунлик координаталари бўйича, 10 км чуқурликда жойлашган.

Эпицентрнинг 20 км атрофида тахминан 6 900 киши истиқомат қилади, умумий аҳоли сони эса 61 000 кишидан ошади.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг