Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Молия 18/05/2019 Ўзбекистон Президенти Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директорини қабул қилди
O'zbekiston Prezidenti Xalqaro valyuta jamg'armasi boshqaruvchi direktorini qabul qildi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Бугун, 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасидаги амалий мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

2017 йилнинг сентябрида Нью-Йорк шаҳрида ва жорий йил апрель ойида Пекин шаҳрида ўтган икки томонлама музокаралар самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада кенгайтиришга хизмат қилгани таъкидланди.

Бугунги кунда жамғарма мамлакатимизда илғор халқаро тажриба ва билимлар асосида кенг миқёсли ислоҳот ва янгиланишларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим шериклардан бири экани алоҳида қайд этилди.

Кейинги икки йилда жамғармадан жалб этилган техник кўмак ҳажми сезиларли даражада ортди: мамлакатимизга ХВЖнинг 14 миссияси ташриф буюрди, солиқ ва молия соҳалари бўйича етакчи халқаро консультант ва экспертлар жалб этилди.

Жамғарма кўмагида Ўзбекистон ХВЖ статистика маълумотлари тарқатишнинг умумий тизимига қўшилди, Марказий банк ва валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонунларнинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилди, янги Солиқ сиёсати ва маъмуриятчилиги концепцияси ва бошқалар жорий этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармасининг ҳамкорлиги истиқболлари батафсил муҳокама қилинди ва бу борадаги устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, монетар сиёсатнинг самарали воситаларини жорий этиш, мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда бошқа йўналишларда фаол ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, ХВЖ бошқарувчи директори Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифи ҳамда кўрсатилаётган самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Кристин Лагард жамғарма мамлакатимизда барча тармоқ ва йўналишларни қамраб олган ҳолда фаол амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолашини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни ошириш, минтақавий савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимизда самарали ислоҳотларни амалга ошириш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашишни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Манба: President.uz

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг