Ўзбекистон Президенти ва Франция Миллий мажлиси Раиси парламентлараро алмашинувни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 март куни Париж шаҳридаги Бурбон саройида Франция Миллий мажлиси Раиси Яэль Браун-Пиве билан учрашув ўтказди.
Икки давлат ўртасидаги парламентлараро алмашинувни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу ташрифнинг тарихий аҳамияти, Ўзбекистон ва Франция ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Франция парламенти қуйи палатаси раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларни, вакиллик органларининг роли, хотин-қизлар, болалар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳамда экологик хавфсизлик кафолатлари кучайганини юқори баҳолади.
Ўзбекистон-Франция парламентлараро форумини ташкил этиш ва "йўл харитаси" асосида дўстлик гуруҳлари ишини қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон етакчиси Миллий мажлис Раисини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга таклиф этди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.
#Шавкат Мирзиёев