Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 28/12/2023 Ўзбекистон Президенти умумий қуввати 2,4 гигаваттлик “яшил” электр станцияларини ишга туширди
Ўзбекистон Президенти умумий қуввати 2,4 гигаваттлик “яшил” электр станцияларини ишга туширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни мамлакатимизнинг олтита ҳудудида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияларини ишга тушириш ва тармоққа улашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Тадбирда ушбу муҳим инвестиция лойиҳаларнинг ҳамкорлари бўлган “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамол Ал-Рамаҳий, “China Energy Engineering Corporation” компанияси вице-президенти Ву Юнь, “China Energy International Group” компанияси бошқаруви раиси Лю Цзэсян, “China Gezhouba Group” компанияси бошқаруви раиси Линь Сяодан, “SEPCO III”, “Dongfang Electric Corporation” ва бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда энергетика тизимини ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда тармоқда хусусий сектор ва етакчи хорижий компаниялар фаолиятига қулай шароитлар яратилди. Улар иштирокида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Хусусан, илк бор 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида  Кармана ва Нуробод туманларида умумий қуввати 200 мегаваттлик қуёш станциялари барпо этилиб, ўтган даврда улар 1 миллиард киловатт соат “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқарди.

Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станциясини барпо этиш лойиҳаси якунланди. Шунингдек, Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттлик шамол электр станциясининг биринчи босқичи қуриб битказилди.

Бундан ташқари, Хитойнинг “China Gezhouba Group” компанияси томонидан Бухоро ва Қашқадарёда умумий қуввати 1000 мегаваттлик қуёш станцияларининг биринчи босқичи қурилиши якунланди.

Ушбу қурилиш ишлари жуда қисқа фурсатда – 9 ойда битказилгани диққатга сазовор.

Маросимда давлатимиз раҳбари хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва тармоққа улашга старт берди.

Бу лойиҳаларга катта амалий ҳисса қўшган инвесторлар, муҳандис ва қурувчиларга алоҳида миннатдорлик билдирилди.

Жами қиймати 2 миллиард долларлик ушбу станциялар тўлиқ ишга тушса, икки миллионта хонадон узлуксиз электр энергияси билан таъминланади, 2 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш имконияти пайдо бўлади.

Президентимиз ўз нутқида бу соҳадаги келгуси режаларга тўхталиб ўтди.

– Биз бугун амалга ошираётган улкан ишлар энергетика тармоғидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадамидир. Бу чора-тадбирларни тизимли давом эттириб, рақобатли бозор механизмларига босқичма-босқич ўтамиз.

Ҳозир юртимизда 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Хорижий компаниялар билан сермаҳсул ҳамкорлигимизни тобора кенгайтириб борамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Умуман, 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш, атмосферага зарарли ташланмаларни 34 миллион тоннага қисқартиришга хизмат қилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг