Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахс афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 94 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёл, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (шулардан, 104 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.