Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон етакчисини таваллуд куни билан дилдан қутлаб, қардош озарбайжон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Президент Илҳом Алиевнинг бугунги Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва шиддатли тараққиётини таъминлашдаги шахсий ҳиссаси ва тарихий ўрни алоҳида қайд этилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларида юксак даражага – стратегик шерикликка эришилганини катта мамнуният билан таъкидладилар.
Товар айирбошлаш ҳажми 2023 йилда 30 фоизга ошди, машинасозлик, тўқимачилик, пиллачилик, қишлоқ хўжалиги, нефть-газ мажмуаси, туризм ва кўплаб бошқа тармоқларда истиқболли кооперация лойиҳалари фаол тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари Икки томонлама муносабатларни жадал ривожлантириш йилида амалий ҳамкорликнинг 10 та янги йўналишини шакллантиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, 2024 йилга мўлжалланган тадбирлар режаси кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти Озарбайжон раҳбарига ушбу мамлакатда бўлажак Президент сайлови муваффақиятли ўтказилишини тилади.