Ўзбекистон Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини кескин танқид қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан кескин норозилигини билдирди.
Давлатимиз раҳбари ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни эътиборсиз қолдираётгани таъкидлади.
Коррупцияни олдини олиш, омиллари билан ишлаш учун 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмаларида 1 минг 285 ходим ишламоқда. Лекин, коррупциявий омилларни бартараф этишда уларнинг ўрни ҳам, масъулияти ҳам сезилмаётгани қайд этилди.
Ҳар йили бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратишда бюрократия ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича ўнлаб қарорлар қабул қилинмоқда.
Масалан, 6,5 минг турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ва олиб киришда тадбиркорларга мувофиқликни баҳолаш мажбурияти юкланган. Шундан 3 минг 700 турдаги товар бўйича ҳар бир партияга алоҳида сертификат олиш шарт.
Шундай рўйхатлар санитария, карантин, ветеринария идораларида ҳам бор. Божхона эса бу рўйхатларни ҳаммаси билан ишлайди.
Тадбиркорларни қийнаб, коррупцияга омил бўлаётган бундай рўйхатларни қисқартириш бўйича бу идораларнинг комплаенс ходимлари ҳеч қандай таклиф бермаган, деди давлатимиз раҳбари.